3:25

Худонинг сўзи 214

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали бўлса-да соғ-саломат учраша олганимиз учун Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Азиз биродарлар, ёдингизда бўлса, ўтган эшиттиришларимизнинг бирида бир бойнинг қандай қилиб дўзахга бориб қолганлиги ҳақида сизларга Муқаддас каломдан сўзлаб берган эдим. Шу бой дўзахга боргандагина, у келиб қолган жойга бошқа инсонларнинг келмасликка имкониятлари бор эканлигига тўла-тўкис амин бўлган эди.

Худонинг мангу севгисининг каромати ҳам айнан шундан иборатдир: бизлар дўзахдан бошқа жойга лойиқ эмасмиз, аммо шунга қарамасдан Худованд Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ орқали абадий ҳаётга олиб борувчи нажот йўлини очиб қўйди. Инжилда Раббимиз Исо Масиҳнинг жаҳаннамга ҳам тушиб чиққанлиги айтилади. Ким жаҳаннамга тушиб чиқди? Қонхур Гитлерми, Яҳудоми ёки Неронми? Йўқ, бундай даъво фақатгина Масиҳга тегишли ва айнан Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида: “У жаҳаннамга тушиб чиқди”, деб айтилган холос. Ҳа, Раббимиз Исо Масиҳ хочда азоб чекиб ўлди ва у дунёга борди.

У хочда гуноҳкорлар дўзахда чекиши керак бўлган азобни чекди. Аммо У уч кундан кейин тирилди ва шунинг учун ҳам фақатгина Раббимиз Исо бизга дўзах ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар бера олади. Фақат Унда нажот! Дўзахдан халос бўлиш имкони фақат У орқалидир! Шундай экан азизлар, ҳар бир инсон ҳозирнинг ўзидаёқ Раббимиз Исо Масиҳ олдида ўзларининг гуноҳларини тан олиб, барча гуноҳлари учун Ундан кечирим сўраб тавба қилишлари керак. Шундагина У сизга абадий ҳаётни тақдим этади. Азизлар, бу шунчаки айтилаётган гаплар эмас.

Аммо бу нажот фақатгина Унга ишониб, мурожаат қилганларгагина тааллуқлидир. Иноят эшиги ҳали ҳам очиқ. Масиҳ ҳали ҳам эшик олдида туриб, ҳалокатга кетаётган гуноҳкорларни чақирмоқда. Жуда ҳам кеч бўлиб қолмасидан, ўз йўлларингизни текширинг, идрокли бўлинг ва Унга мурожаат қилинг. Муқаддас Инжил таркибига кирган йигирма еттида китобда дўзах ҳақидаги тушунча икки юз ўттиз тўрт маротаба қайд этилади. Агар сиз босиб ўтишингиз керак бўлган йигирма етти километр масофада “бу йўл дўзахга олиб боради”, деб ёзилган икки юз ўттиз тўртта белги ўрнатилган бўлса, мен ўйлайманки, сиз бошқа йўлни танлаган бўлар эдингиз.

Аммо ҳозирча сиз гуноҳларингизга тавба қилмасдан, Масиҳни билмаган ҳолда дўзахга олиб бориши мумкин бўлган йўлдан бормоқдасиз. Дўзах – Худосиз ҳаётнинг охиридир. Гуноҳ ва имонсизлик йўли дўзахга олиб бориши муқаррар эканлиги ҳақида сизга танбеҳ берувчи ушбу нома сизнинг ҳаёт йўлингиздаги огоҳлантирувчи белги бўлиб хизмат қилсин. Азиз дўстим, сиздан “Инсон Ўғли эса адашганни излаб топиш ва қутқазиш учун келган” деган сўзларни айтган Зотга мурожаат қилишингизни ёлвориб қоламиз. Бизнинг электрон почтамизга саволларингиз билан мурожат қилишингиз мумкин: dilkash@najot.com Азизлар, ҳозирча сизлар билан хайирлашиб омон бўлинглар деб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top