3:41

Худонинг сўзи 221

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат — тингланг. Азиз радио тингловчи биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ қайта тирилгандан сўнг нималар содир бўлди? Келинг бугун ана шу хусусида суҳбат қурсак. Орадан 50 кун ўтиб Қуддусда кутилмаган воқеалар содир бўла бошлади. Бундан олдин қўрқиб, эшикларни қулфлаб уйда ўтирган шогирдлар бирданига жасорат билан Қуддус кўчаларига чиқиб “Хочга михланган Носиралик Исо тирилди, У Исроил халқи кутган қутқарувчи Масиҳдир” деб Қуддус кўчаларини тўлдириб, Хушхабарни эълон қилишди, деб ёзади Ҳаворийларга мактубининг 4 боби 28 ва 29 оятларида.

Бутруснинг ваъзи орқали 3000 га яқин киши тавба қилиб жамоатга қўшилади. Бу шунчаки ваъз эмас эди. Азиз биродарлар, ўйлаб кўринг: 3000 га яқин киши тавба қилиб, ўз гуноҳлари учун Худодан кечирим олиш учун қанчалик меҳнат ва жасорат керак бўлади. Бутрус айнан шу ишни амалга оширди. Шогирдлари Яҳудий руҳонийлари ва Яҳудиядаги Рим империяси қаршилигига қарамай, бу Хушхабарни бутун халққа етказар эдилар. Шогирдларнинг Қуддусдаги қилаётган мўъжизалари ва ваъзлари орқали оддий халқ, яҳудий дин пешволари ва олий мансабдор шахслар ҳам жамоатга қўшилар эдилар.

Бундай ҳолат яҳудий олий руҳонийлари ва Яҳудиядаги Рим ҳокимиятини ташвишга солиб қўйди. Қуддусда Масиҳ жамоати кўпайиб борган сари уларга қарши қувғинлар ҳам кучая борди. Бу қувғинларнинг биринчи қурбони Стефан бўлган эди. Қувғинларнинг кучайиб бориши эса имонлиларни Қуддусдан ташқарига чиқишларига сабаб бўлди. Азиз радио тингловчи биродарлар, айнан шу воқеа биз учун катта дарс бўлиши мумкин. Шу орада Шоул, яъни Павлус имонга келади. Бу инсонни Исо Масиҳ келажакда жамоат қурилишида ўзининг асосий қуроли қилиб ишлатганини ҳар биримиз яхши билсак керак.

Павлус Рим империясида Масиҳ жамоатлари шаклланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшади. Роланд Аллен деган биродарнинг китобида ёзилишича, Павлус 10 йил ичида Рим империясининг 4та Галатия, Македония, Ахая ва Кичик Осиё вилоятларида жамоатлар ташкил этади. 47 йилгача бу вилоятларда бирорта Масиҳ жамоат йўқ эди. 57 йилга келиб Павлус бу вилоятларда “бошлаган ишимни тугатдим” деб айта олган. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда бизнинг асосий вазифамиз биргина гуруҳ ёки жамоатда хизмат олиб бориш билан кифояланиб қолмаслиги керак.

Балки ҳаворий Павлус каби шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ кезиб, янги гуруҳлар ва жамоатлар ташкил қилиш ва кўплаб инсонларга Хушхабар етқазиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрсак бўлади. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз азизлар билан хайрлашар эканмиз, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Албатта ушбу манзилимизга ўзингизни фикрларингиз ва таклифларингизни ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top