3:28

Уй гуруҳлари 139

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз мухлисларимиз билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, марҳамат тингланг, кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзумиз яна эфирда. Азиз биродарлар, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ёшларга кўпроқ эътибор берилаётгани бежиз эмас. Бунинг ҳам ўзига яраша айрим сабаблари бор. Келинг азиз радио тингловчи биродарлар, яхшиси, ушбу фикримизни ҳаётий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Жамшид мактабни битирган эди. Унинг ҳаётий тажрибаси унчалик зўр бўлмаган.

Бошқа ўқувчилар ундан кўра заковатлироқ эдилар ва дарсларни у яхши ўзлаштира олмасди. Ўнинчи синфдан кейин у машина механикаси бўйича курсларда ўқиб иш топди. У жисмоний ишни ёқтирар эди. Кейинчалик у мактабнинг кечки бўлимини битирди. Йигирма ёшида унинг дўсти унга ҳаёт ҳақида жиддий саволларни беришни бошлади. Жамшиднинг жавоблари қониқарли эмас эди. Кейин унинг дўсти Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида гапира бошлади. Аста-секин Жамшид Исо Масиҳ уни севишига ва унга абадий ҳаёт беришига ишона бошлади. Жамшиднинг ҳаёти кун сайин ўзгариб борди. Тез кунларда у кичик ёшлар уй гуруҳини бошқаришга ёрдам беришни бошлади.

Бир куни унинг дўсти Калом ўрганиш бўйича ўқишга бориши учун унда имконият борлигини айтиб далда берди. Бу ўқиш Руҳий мактаб бўлиб, у ерда бакалавр унвони берилар эди. Жамшид шу онда бироз довдираб қолди. У ўз имони ҳақида кўпроқ ўрганишни истарди, аммо у бакалавр даражасида дарсларини эплай олмаслигини билар эди. У ўзини етарлича “ақлли” эмасман деб ўйлар эди. Азиз радио тингловчи биродарлар, Жамшиднинг ҳаётидаги вазият ҳар бир кичик уй гуруҳларидаги биродарлар билан ҳам содир бўлиши мумкин. Шундай вазиятларда қандай қилиб сиз шу биродарларга ёрдам бера олардингиз?

Азиз биродарлар, албатта кичик уй гуруҳларимиздаги биродарларга ҳам эътиборлироқ бўлишимиз жуда муҳим. Тўғрисини тан олиб айтишимиз керак: нафақат Жамшиднинг ҳаётидаги воқеалар, балки Жамшиддан ёши катта бўлган бошқа биродарлар ҳам руҳий ўқишларда ўқиб, ўзларининг руҳий билимларини оширишлари мумкин. Худованд айнан шундай инсонларни ишлатмоқчи эканлигини ҳеч биримиз олдиндан билмаймиз. Азизлар, биз кераксиз деб ташлаб юборган тош пештоқнинг қоқ марказидан жой олиши мумкин. Худованд ҳамма нарсага қодир.

Ҳурматли биродарлар, кўпинча яна шунга гувоҳ бўламизки, дарҳақиқат уқишни унчалик хуш кўрмайдиган ёши улуғ биродарлар ҳам бор. Шундай биродарлар бўлса, уларни ўзимиздаги маҳаллий руҳий ўқишларда ўқиб, ўзларини синаб кўришга имконият бериш мумкин. Шунда ҳеч ким бир-биридан хафа бўлмайди, деб ўйлаймиз. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Ҳозирча эса сиз азиз мухлислар билан хайрлашиб, барчангизга тинчлик-омонлик тилаб қоламиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top