3:42

Худонинг сўзи 226

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азизлар, яна сизлар билан радио тўлқинларимиз орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. “Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масих биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир. Демак, агар биз энди Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган бўлсак, Унинг соясида Худо ғазабидан қутулишимиз янада аниқроқдир”. Римликларга мактубининг 5 боби 8 ва 9 оятлари. “Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг Қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар. Масих биз учун Қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қилди”. Римликларга мактубининг 3 боби 24 ва 25 оятлари.

Азиз радио тингловчи дўстлар, агар ушбу гапни ўз тилимизда қўпол қилиб тушунтирадиган бўлсак, гуноҳ бизни учта нарсага олиб келди. Биринчиси, энг бошида гуноҳ инсониятни Худодан айирди. Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўплаб одамлар гуноҳкор бўлди. Римликларга мактуби 5 боби 19 ояти. Иккинчиси, биз инсонларда айбдорлик ҳисси пайдо бўлди, чунки қаерда итоатсизлик бўлса, шу ерда айбдорлик ҳисси туғилади.

Учинчиси, шайтон доимо биз инсонларнинг гуноҳкор эканлигимизни таъкидлаб туради, бизларга доимо айб қўяди, чунки Ваҳий китобида ёзилганидек, у биродарларимизнинг туҳматчисидир. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ биз инсонларни яна Ўз бағрига қайтариш учун айнан мана шу уч муаммони ҳал этиши керак эди. Шунинг учун У биринчидан Ўз қонини тўкиб, гуноҳларимизни ювди. Бу дегани, биз энди яна Худо билан бирга бўла оламиз деганидир. Сўнгра Масиҳ қонининг Худо олдида қанчалик қадрли эканини билиш орқали айбдорлик ҳиссидан хaлос бўламиз.

Ва ниҳоят, душманнинг ҳужумларига қарши тура олишимиз учун, унинг даъволарини йўққа чиқариш учун биз яна Раббимиз Исо Масиҳнинг қонига суянамиз. Исо Масиҳнинг Муқаддас Қони шу айтиб ўтган учта муаммони ҳар бирини еча олади. У албатта Худо олдида биз инсонларни оқлайди, юрагимизга тинчлик беради, шайтоннинг ҳужумларини қайтара олади. Азиз радио тингловчи дўстлар, агар биз Худодан олган янги ҳаётда олдинга қараб юришни истасак, Масиҳ Қонини қанчалик таъсирли эканини билиб олишимиз керак. Раббимиз Исо Масиҳ хочда азоб чекиб, бизлар учун ўлгани қанчалик факт бўлса, Унинг Қони бизларни гуноҳларимизни ювиши ҳам шунчалик аниқдир.

Азиз биродарлар, бутун инсониятнинг ягона муаммоси Худовандга ишона олмасликдадир. Эски Аҳд даврида ҳам кўплаб инсонлар Худованднинг аниқ кўрсатган мўъжизаларига ишонмадилар. Шунинг учун ҳам уларни кўпчилиги ўзларининг имонсизлиги туфайли ўлиб кетишди. Келинг азизлар, ота-боболаримизга ўхшаган имонсиз бўлмайлик. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top