3:28

Худонинг сўзи 234

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона бўлса-да дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдорман. Азиз имонли биродарлар, аввало асло ғазабланмасликка ҳаракат қилинг. Лекин бу гуноҳкор дунёда ҳечам ғазабланмасликни иложи бўлмаса керак. Азизлар, доимо ўз ғазабингизга холисона ёндашинг. Кечирим бериш учун сиз биринчи ўринда кўнглингиздаги хафагарчилигингизни тушуниб етишингиз ва ҳис-туйғуларингизни ўзингиздан яширмаслигингиз керак.

Соғлом фикрловчи ҳар қандай одамни хафа қилишганда, унинг ғазабланиши табиий ҳол. Ғазаб умуман бир-бирига ўхшамайдиган икки хил кўринишда намоён бўлиши мумкин. Биринчиси: биз жазавага тушиб, тажовузкор бўлиб қоламиз, оғзимиздан боди кириб, шоди чиқади, ҳар нарсадан айб қидиришга, ҳатто таҳдид билан қўлимизни пахса қилишга ўтамиз. Борди-ю, ўта асабийлашиб кетсак, ер депсиниб, дуч келган нарсани муштлай бошлаймиз. Иккинчиси эса: одамови бўлиб қоламиз ва бошқалар билан гаплашишни истамаймиз. Берган нарсаларимизни қайтариб оламиз. Ўз ҳатти-ҳаракатларимиз билан бу одамга бошқа ишонмаслигимизни кўрсатамиз. Индамасликни жанжал ёки бақир-чақирдан камроқ таҳдид солади, деб бўлмайди.

Ғазабини ичига ютиб, кўрсатмасликка ҳаракат қиладиган оилада улғайган кишилар ўз ҳис-туйғуларини тан олишга қийналишади. “Мен умуман аччиқланаётганим йўқ. Сен мени жаҳлимни чиқара олмайсан”, — дейди танишим. Шундай дейди-ю, аммо унинг кўзлари ғазабдан ўқрайган, қўллари эса мушт қилиб тугилган бўлади.

Кўпинча, кимдир бақир-чақир билан: “Мен овозимни кўтараётганим йўқ!”, — деса, бу ҳолатни кўриб, кулгимиз қистайди. Сизнинг ғазабингиз йўлида учраган нарсани кулини кўкка совурадиган олов ёки тўқнашсанг вайрон қиладиган муз тоғига ўхшайди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам юз ифодангиздан, ўтириб-туришларингиздан, гапингиз ва гапириш оҳангингиздан ғазаб кўриниб туради. Ўз ҳис-туйғуларингизни тушуниб олиш ҳам муҳим ҳисобланади. Имкон қадар уларни аниқ ифода қилишга ҳаракат қилинг: “Менинг ҳафсалам пир бўлди”, “Жаҳлим чиқаяпти”,”Бу нарса жинимни қўзитаяпти”, ёки “Хафагарчиликдан қайғу ва аламда қолдим”, “Бу тушунмовчиликдан ҳайрат ва саросимада қолдим”. Ҳақиқатдан ҳис қилаётган кечинмаларни тан олиш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. Кимдир бировни, унинг ориятига, ўзига бўлган ишончига зарба берадиган даражада хафа қилиб қўйиши мумкин.

Одам ўзини қадрсиз ва фойдасиз сезганлиги туфайли ҳам дили оғриши мумкин. Бироқ бу ҳолатда киши дарҳол кечириб юборишга ҳаракат қилса, охири яхшилик билан тугамаслиги ҳам мумкин. Азиз биродарар, масиҳийликда имонлилар учун бошқаларни кечириши ва севиши энг асосий мағз эканлигини ёдимиздан чиқармайлик. Шу билан азизлар, эшиттиришимиз ҳам охирлаб қолди. Мен сизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини яна бир бор айтиб ўтсам: www.najot.com Азиз биродарлар, яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top