MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз мухлисларимиз билан яна соғ-омон радиомиз қаршисида учраша олганимиздан хурсандмиз. Азиз биродарлар, масиҳийларнинг орасида тез-тез учраб турадиган энг катта муаммолардан бир бу хафагарчиликдир. Шунинг учун ҳам азизлар, бугунги мавзумизни айнан шунга бағишламоқчиман. Келинг, кечирим бериш йўлидаги қадамларни яна бир марта кўриб чиқайлик. Ушбу қадамлар ҳақида биз имонлилар кўп бора эшитганмиз. Айтайлик сизни кимдир хафа қилди. Сиз бўлиб ўтган воқеани англаб, ҳис-туйғуларингизни аниқлаштириб олдингиз.

Сизни хафа қилган одамни тушунишга ҳаракат қилдингиз ва кимлигингиз ёдингизга тушди-да, маълум даражада уни оқлашингиз ҳам мумкин. Шунга қарамай, юрагингизда кечиришингиз қийин бўлган нимадир қолиб кетди. Азиз дўстим, сизни хафа қилган инсонни кечириш учун ўзингизда куч ва иродани қандай топасиз? Ярашолмасликдан ва муносабатлар энди қайта тикланмаслиги мумкинлигидан қўрқасизми? Ёки ҳаммаси сизни хафа қилган одамга боғлиқми? Агар у чин юракдан узр сўраса ва сизда олийжаноблик ҳиссини уйғота олса, уни кечирган бўлармидингиз? Кечирим беришингиз аслида бу ишни қай даражада хоҳлаётганингизга боғлиқми?

Кечирим беришда муҳим аҳамиятга эга бўлган нарса бу муҳаббатдир. Азиз мухлис, агар биз кимнидир чиндан севсак, уни ўзимиздан узоқлаштирмасликка ҳаракат қиламиз. Агарда бу одам биз учун қадрли бўлса, уни эски кийим каби ҳаётимиздан чиқариб ташлай олмаймиз. Уни йўқотиш бармоғимизни йўқотиш билан баробар. Кўпчилигимиз кечиримли бўлишга болаликдан одатланганмиз. Биз буни севимли ва ҳурматга лойиқ ота-онамиздан ҳамда тарбия берувчи устозларимиздан ўрганамиз. Биз доимо хато ва айб ишлар қиламиз. Бу шубҳасиз. Шунга қарамай, яқинларимиз бизни кечиришади. Шу тариқа биз севимли ва кечирилган бўлишликнинг қандай эканлигини билиб борамиз ва ўз навбатида бу тажриба ҳаётимиз давомида бошқаларни севиш ҳамда кечирим беришда бизга ёрдам беради.

Улғайганимиз сари, катталар ҳам нуқсонлардан ҳоли эмаслигини англаб етамиз. Улар ҳам баъзида ноҳақ эканликларини тан олишади ва биз уларни кечирамиз. Бу нарса ҳатто бизни яқинлаштиради, чунки биз ўзимизни улар билан тенг ҳис қиламиз. Баъзи бир сабабларга кўра болаликда биз бу сабоқни яхши ўзлаштирмаган бўлишимиз мумкин. Муҳаббат хафагарчиликни енгиши мумкинлигини биз ҳис қилолмаймиз. Кечиришимиз оғир ва ишонишимиз эса қийин бўлади. Бундай ҳолат юз берган бўлса, биз юрагимизни тўкиб-солишимиз мумкин бўлган бирор киши билан бу ҳақда гаплашиб олишимиз жуда зарур. Азиз радио тингловчи биродарлар, севишни ўрганишнинг ҳеч қачон кечи бўлмайди. Бироқ, муҳаббатнинг илиқ туйғуларини ҳис қилишнинг ўзи етарли эмасдир.

Шунинг билан азиз радио тингловчи дўстлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал, сизга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top