Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродарлар,ёвуз кучларни енгишда Худо ишлатадиган усулдан фойдаланган пайтимизда руҳий жангда иштирок этаётганлигимизни унутмаслигимиз керак ва шунинг учун ҳам жанг қилишнинг руҳий усулларини қўллашимиз зарур. Исо Масиҳ бизга ўргатган ва амал қилишимиз керак бўлган усулларгина маккор шайтонни енгишимиз учун бизга имкон беради. Руҳий ҳолат маълум бир муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин, аммо зулмат шоҳлиги билан боғлиқ ишларда ожизлик қилади.
Фақатгина “Худонинг қурол-аслаҳалари” бизга қарши жанг қилаётган иблис ва ёвуз руҳлар устидан ғалаба қозинишимиз учун ёрдам бериши мумкин. Масалан, Эфесликларга мактубининг 6 боби 10 оятидан 18 оятларигача бўлган жойда айнан шу ҳақида ўқиб кўришингиз мумкин. Муқаддас Китобни ўрганувчи олимлардан бири “жинга йўлиқиш”нинг нима эканлигига шундай таьриф берган эди: “… инсон ичига кириб олиб, унга таьсир ўтказадиган ва бевосита уни бошқарадиган, унинг ақл-идроки, баъзан эса танасига ҳам оғриқ ва зарар етказадиган жин. Жинга йўлиққанликни инсонга нисбатан қилинаётган жинга хос ҳатти-ҳаракатларга қараб фарқлаш мумкин. Бу ҳолатда жиннинг ҳар бир ҳаракати ташқарига чиқади. Жинга йўлиқиш ― ичкарида содир бўлади”.
Бу таърифдан келиб чиқадиган бўлсак, имонли киши жинни бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ичида Муқаддас Руҳ яшайди. Бироқ имонли киши ёвуз руҳлар томонидан шу қадар кўп ҳужумларга дучор бўлиши мумкинки, натижада четдан қараганда, у худди жинга чалингандек кўриниши мумкин. Шу ўринда кичик бир изоҳ бериб ўтсам: Муқаддас Китобда имонли киши жинга йўлиқиши мумкин деган тасдиқ йўқ.
Ҳар бир имонлининг вазифаси жинларни қидириш эмас, балки уларнинг борлигини, таъсир ўтказа олишини тушуниб етиш ва Раббимиз берган ҳокимлик билан уларга қарши мустаҳкам тура олишдан иборатдир. Азиз радио тингловчи, ҳозирги айтадиган оятларимизни диққат билан тингланг ёки иложи бўлса бир жойга ёзиб олинг, Муқаддас Каломингиздан топиб албатта ушбу оятларни ўқиб, ўзингиз хулоса қиласиз деган умиддаман. Демак, Эфесликларга мактубининг 6 боби 10 ва 12 оятлари ҳамда биринчи Бутрус китобининг 5 боби 8 ва 9 оятлари. Жинга йўлиққан кишининг одатда одоб-ахлоқи ва руҳий феъл-атвори ўзгаради.
Кўп ҳолларда одамнинг овози бошқача бўлиб қолади, ақл-идроки, билим даражаси ўзгаради. Жинлар таъсири остида бўлган одам ҳатто жин истаган нарсани ҳам гапириб юбориши мумкин. Масалан, Маркдан Хушхабар китобида 1 боб 23 ва 24 оятларида жинлар Нажоткорни таниган заҳотлариёқ, одам орқали гапириб юборганлар. Бу ҳолат эҳтимол, бу одамнинг ғайритабиий билим ва ақлий кучга эга бўлганлигидан далолатдир. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, албатта ўз фикрларингизни ушбу электрон почтамизга ёзиб юборинг. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.