3:22

Руҳий ғалаба 265

MP3

Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий инсон ёлғон таълимотдан эҳтиёт бўлиши керак. 2 Коринфияликларга мактубининг 11 боби 13 оятидан 15 оятигача бўлган жойларда жумладан шундай ёзилади: “Бу каби одамлар- сохта ҳаворийлар, ҳийлакор хизматкорлардир, улар фақат Масиҳнинг ҳаворийлари қиёфасини оладилар. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки шайтоннинг ўзи ҳам нурли фариштанинг қиёфасини олади. Демак, шайтоннинг хизматкорлари аҳли салоҳ қиёфасини олсалар, ажабланмаслик керак. Уларнинг оқибати қилмишларига яраша бўлади”.

Азиз радио тингловчи биродарлар, ушбу оятдан шуни кўришимиз мумкинки, шайтон ҳам нурли фаришта қиёфасини олиши мумкин экан. Бу дегани у одамларни йўлдан оздириб, ўзининг гуноҳлар тўла дарёсига чўктирмоқчи бўлади. Азизлар, унинг энг асосий ёлғон ишлатиш усулларидан бири, жамоатлар орасига ёлғон таълимот ёядиган инсонларни кўпроқ жўнатишдир. Ёлғон таълимотга эга бўлган жамоат аъзолари эса ўз-ўзидан тарқалиб кетиши барчамизга маълум. Ёлғон таълимот бор бўлган жойда доимо Хушхабар тарқалиши борган сари қийинлашади, охир-оқибат сиқиб чиқарилади, деб ҳам айтишимиз мумкин.

Матто китобининг 24 боби 24 оятини биргаликда ўқиб кўрсак: “Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложини топсалар, ҳатто танлаган кишиларни ҳам йўлдан оздириш учун ғаройибот ва мўъжизалар кўрсатадилар”. Албатта ёлғон таълимот эгаси кўплаб инсонларни ўз ортидан эргаштириб кетиши ҳам ачинарли ҳолат. Лекин бу факт деб айта оламиз. Азиз биродарлар, Матто китобининг 7 боби 21 оятидан 23 оятигача бўлган жойини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Мен, Ё Раббий, ё Раббий деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди.

Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади. Қиёмат кунида кўплар Менга: Ё Раббий, ё Раббий, бизлар Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан кўпгина мўъжизалар яратмадикми?-дейдилар. Ўша вақтда Мен уларнинг юзига қараб: Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман. Эй бадкирдорлар, Менинг олдимдан кетинглар!- дейман”. Ушбу оят орқали Раббимиз исо Масиҳ айтмоқчики, кўплаб масиҳий инсонлар ўзларини имонли деб биладилар, аслида эса бундай эмаслигини айтмоқчи эди.

Азиз биродарлар, агарда ўзингиз қатнайдиган жамоат, кичик уй гуруҳларидан ёлғон таълимот тарқатувчиларни билсангиз, албатта оқибати ҳақида уларга айтинг ва доимо улар учун ибодатда бўлинг. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлари билан хайрлашиб, ўзимизнинг интернет сайтимизнинг манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top