3:48

Руҳий ғалаба 315

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азизлар, марҳамат, тингланг: эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз радиомиз мухлислари, ибодат қилишнинг қонун-қоидалари ҳақида нималарни биламиз? Келинг, бугунги мавзумизни айнан шу тўғрисида бошласак. Бизнинг танамиз дуо қилинадиган уй бўлиши керак, чунки танамиз Муқаддас Руҳнинг маъбади ҳисобланади.

Ҳаёт учун муҳим ҳисобланган дуодан бизни чалғитадиган ҳар қандай нарса ― Худо бермоқчи бўлган марҳаматни биздан ўғирламоқчи бўлган ўғридир. Ҳар биримизни Худо билан ажойиб тарзда боғлайдиган ҳақиқий дуо қилиш санъатини биз яхшилаб ўрганишимиз зарур. Азизлар, агар Худо дуони эшитса ва унга жавоб берса, у ҳолда мен биринчи ўринда дуо қилишни ўрганишим керак бўлади. Дуо қилишни билмаслик гуноҳ ҳисобланади. Худо Каломи шундай дейди: “Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун дуо қиламан. Акс ҳолда Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман”-деб ёзилган биринчи Шоҳлар китобининг 12 боби 23 оятида.

Ҳазрати Шомуил Исроил фарзандларига нимани ўргатиши керак бўлган? Ҳазрати Исо-чи, У дуо қилиш борасида Ўз шогирдларини нимага ўргатган? Матто Хушхабар китобининг 6 боби 9 оятидан 13оятларигача бўлган жойда Раббимиз бизга дуо қилиб яшашимиз учун фойдали бўлган баъзи бир асосларни кўрсатиб беради. Келинг, мана шу асосни кўриб чиқайлик. Ҳар бир асосдан олдин дуо қилиш ҳақидаги асосли саволни ўртага ташлаймиз.

Биз кимга дуо қиламиз? Ҳазрати Исо намуна қилиб кўрсатган дуога эътибор берадиган бўлсангиз, дуо “Осмондаги Отамиз” деган сўзлар билан бошланади. Бу дуо гўёки боланинг ўз Отаси билан қилаётган суҳбатига ўхшаб кетади. Биз самарали дуо қила олишимиз учун Худонинг фарзанди бўлишимиз керак. Ҳар ким ҳам Худога “Ота” деб мурожаат қила олмайди. Худонинг оиласига кирган кишиларгина бу ҳуқуққа эгадирлар. Худо баъзи одамларнинг Унинг фарзанди ҳисобланмаслигини Муқаддас Китобда аниқ тушунтириб ўтган.

Таврот қонунларига амал қилиб яшаяпман деган иккиюзламачиларга Ҳазрати Исо “Сизларнинг отангиз ― иблисдир”-деб айтади Юҳанно китобининг 8 боби 44 оятида. Биз Ҳазрати Исони ўз Раббимиз ва Нажоткоримиз деб қабул қилиб, Унинг оиласига кирсаккина, Худонинг фарзанди бўлишимиз ва Уни Ота деб айтишимиз мумкин. Ҳаворий Юҳаннонинг Ҳазрати Исо ҳақидаги сўзлари буни тасдиқлайди: “Ўзиникиларнинг ёнига келди У, лекин Ўзиникилар Уни қабул қилмади. Уни қабул қилганларга эса, барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш эркини беради”-деб ёзади Юҳанно китобининг1 боби 11ва 12 оятлари. Азиз биродарлар, доимо ибодат қилишдан чарчамайлик. Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top