3:59

Руҳий ғалаба 316

MP3

Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз, азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Сизлар билан радио қаршисида соғ-омон кўришганимиздан беҳад хурсандман. Азиз биродарлар, агар Худо сизнинг Отангиз бўлса, у ҳолда Унга мурожаат қилиб дуо қилиш қанчалик осон ва табиий бўлишини биласизми? Муқаддас Руҳ бизга: “Абба, Ота!”- деб дуо қилишни ўргатади Римликларга мактубининг 8 боби 19 оятида. “Абба” сўзи арамийча сўз бўлиб, ота деган маънони англатади, ўзида яқинлик ва боғлиқликни ифодалайди.

Бу сўз гўдакнинг оғзидан чиқадиган илк сўзлардан биридир. Биз Худонинг севикли болалари бўлганимиз учун Уни “Азиз Ота!” деб чақира оламиз. Қалбимиз тубидаги энг яширин сирларимизни Отамизга ишониб, Унинг ҳузурига кела оламиз. Бу ҳақиқатни англаб етиш эса танамизга илиқлик бағишлайди. Худо бизни севадиган самовий Отамиздир. Дуонинг мақсади нимадан иборат? Ҳазрати Исо Ўз шогирдларига оддийгина қилиб: “Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин”-деб дуо қилишни ўргатган. Бу парчадан биз дуонинг асосий мақсади Худо иродасининг пайида бўлиш ва уни англаб етиш эканлигини дарҳол тушуниб етамиз.

Агар сиз сўраган нарса Худонинг хоҳиш-иродасига тўғри келсагина, қилган дуонгизга жавоб оласиз. “Биз Худонинг ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади. Агар Худо тилакларимизни тинглаётганини билсак, тилакларимиз бажо бўлганини ҳам биламиз”-биринчи Юҳанно мактуби 5 боб 14 ва 15 оятлари. Худонинг иродасига қараб дуо қилиш бизни иноят ва марҳаматлардан маҳрум қилмайди, аксинча, дуо орқали биз ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ марҳаматга эришамиз. Биз ҳеч қачон Худонинг комил иродасига мувофиқ дуо қилишдан қўрқмаслигимиз керак.

Азиз радио тингловчи биродарлар, ёдингизда бўлсин, дуо бу Худо иродасини ўз хоҳиш-истакларимизга бўйсундириш учун қилинадиган уриниш эмас. Дуо Ўзи истамаётган нарсасини қилдириш учун Худога бериладиган кўрсатма ҳам эмас. Аксинча, дуо бу Худонинг нима хоҳлаётганлигини англаб етиш, сўнгра бу хоҳишни амалга оширишини Ундан сўрашдир. Биз Худонинг хоҳиш-иродасини қандай қилиб билишимиз мумкин? Умуман олганда, Худонинг иродасини биз Муқаддас Каломни ўқиш орқали тушуниб олишимиз мумкин, бироқ шундай бир ўзига хос ҳолатлар ҳам мавжудки, бу борада Муқаддас Каломда ҳеч нарса дейилмаган.

Дуода Худо иродасини англаб етиш учун фақатгина Каломни яхши билиш ва ундаги ҳақиқатларга амал қилишнинг ўз етарли эмас, албатта. Бунинг учун Муқаддас Руҳнинг бошқарувига ҳам зийраклик билан эътибор қаратиш керак. Худонинг Руҳи бизнинг ичимизда эканлиги ва бизга дуо қилишимиз учун ёрдам бериши мумкинлигини унутманг. Ибодат қилишдан асло чарчаманг, азиз биродарлар. Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етай деб қолди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Ўйлаймизки, албатта вақт топиб ушбу сайтимиздан фойдаланасиз. Ҳозирча эса хайр соғ ва саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top