Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона бўлсада дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдорман. Азиз радио тингловчи биродарлар, нима деб ўйлайсиз? Худонинг ҳузурига кириш учун ўзимизнинг биронта ишимизга ҳам асосланишимиз мумкинми? Ёки фақат Раббимиз Исо Масиҳнинг Муқаддас Қонига суянишимиз керакми? Келинг, яна бир бор Эски Аҳд китобига мурожаат қилайлик. Чиқиш китобининг 12 боби 7 оятида Фисҳ қурбонлигининг қони эшикнинг кесакиларига суртилиши ҳақида ёзилган.
Худо Қонни кўрганида “ўша уйни четлаб ўтаман”, деб айтган эди. Чиқиш китобининг 24 бобида эса яна шундай оятлар мавжуд: “Сўнгра Бани Исроилнинг ёш йигитларини юборди. Улар Худовандга куйдириладиган қурбонликлар келтиришди ва тинчлик назри учун айтилган бўқаларни сўйдилар. Мусо қоннинг яримини тоғораларга олди, қолган ярмини қурбонгоҳнинг устига сепди. Сўнгра Аҳдномани олиб, халққа ўқиб берди. Халқ: Худованднинг барча амрларига итоат қилиб уни бажарамиз деди. Кейин Мусо тоғорадаги қонларни халқнинг устига сепиб деди: Бу қон шу айтилган гаплар асосида Худованднинг сизлар билан боғлаган Аҳдининг қонидир деди.
Сўнгра Мусо, Хорун, Надаб, Абиху ва Исроил оқсоқолларидан етмиш киши тоққа чиқиб, Исроилнинг Худосини кўрдилар. Худонинг оёқлари остида ложувард тошига ўхшаш, осмондек бир тиниқ суфа бор эди. Худо Исроил улуғларига зарар етқазмади. Худони кўрдилар, сўнгра еб-ичдилар”. Азиз радио тингловчи биродарлар, Янги Аҳд китобида ҳам манашу қон сепилиш маросимига ишора қилинган бир оят бор. Келинг азизлар, ушбу оятни ҳам биргаликда ўқиймиз: “Исо Масиҳга итоат этмоғингиз ила Унинг қони устингизга сепилиши учун имкон яратди”. Биринчи Бутрус 1 боби 2 ояти. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар биримизга яхши маълумки, ҳозирги кунга келиб ушбу одатни давом эттириб келаётган инсонларни кўрганмиз.
Эндига бизнинг мақсадларимиздан бири, шу инсонларга бошқа қурбонлик келтириш шарт эмаслигини яхши тушунтириб беришимиздан иборат бўлмоғи керак. Чунки Раббимиз Исо Масиҳнинг Ўзи барча инсонларнинг гуноҳлари учун Ўзини бир марта қурбон қилиб ҳаммасини енгди. Эндиликда қурбонликлар келтириш шарт эмас. Исо Масиҳнинг қурбон бўлиб ўлганига ва уч кундан сўнг қайта тирилганига ишонишнинг ўзи етарли. Ахир инсон йилда бир марта гуноҳ қилмайди-ку. Ёки барча гуноҳлар кечирилиши учун йилда бир марта қурбонлик келтириб барча гуноҳлардан озод бўла оламизми? Ўйлашимча, йўқ. Инсон ҳар куни бир неча бор гуноҳ қилади. Бу содир этилган гуноҳларни эса фақатгина Худованд кечириши мумкин. Қандайдир бир жониворнинг қони эмас.
Тўғри, Исо Масиҳ ер юзига келиб Ўзини қурбон қилгунига қадар Худованд жониворларнинг қони орқали гуноҳларни кечирилишига рухсат берган эди. Эндиликда эса бунга ҳожат йўқ. Азизлар, бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг.