3:43

Суҳбатлашиш

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон ва мунис опа-сингиллар. Ҳалқимизда бир гап бор: «Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор». Бу рост гап. Аёл зоти табиатан суҳбатлашишга мойил қилиб яратилган. У ичидагиларни, ҳис-туйғуларини яқин кишисига айтмаса туролмайди. Бу уларнинг жисмоний муҳтожлиги ҳамдир. Ҳаётда учрайдиган турли кўнгилсизликлар, асаббузарликлар аёл асабларига қаттиқ таъсир қилади. Аёл киши мана шу салбий қувватларни йиғлаб ёки бақириб қалбини бўшатиб, ўзидан узоқлаштириши мумкин. Эркак кишида эса афсуски бу ҳолат камдан-кам бўлади. Улар йиғлашни ҳам дардлашишни ҳам унчалик эплай олмайдилар. Худога шукрки, аёл киши қилиб яратилганмиз. Биз суҳбатлашиш давомида ўз дардларимизни бўлишамиз, дўстларимизни, яқинларимизни мақтаймиз, ҳиссиётларимизни ифодалаймиз. Бу бизга Худованд томонидан берилган совға.

Суҳбатлаша олиш инъоми учун Худованддан миннатдор бўлар эканмиз, шу миннатдорчилигимизни Худованд билан бўлган мулоқотда айтишимиз керак. Демак шу инъом билан Худованднинг ўзига мурожаат қиламиз. Худованд айнан мана шунинг учун ҳам бизга суҳбатлашишга чанқоқлик ҳислатини берган. Биз аёллар Худовандга кўпроқ муҳтожмиз. Биз суҳбат давомида Худовандга ибодат қиламиз, Уни улуғлаймиз, муҳтожликларимизни, қалбимиз ҳолатини маълум қиламиз. Баъзиларнинг айтишича, биз Худовандга У шунга муҳтож бўлгани учун эмас, биз муҳтож бўлганимиз учун ибодат қиламиз. Уни улуғлаганимизда ҳаётда муҳими Ким эканлигини ўз ўзимизга эслатамиз. Унга рахмат айтганимизда эса камтарлик билан Унинг ғамхўрлигига муҳтож эканминизни англаймиз.

Биз гапирамиз, ибодат қиламиз, ҳисларимизни, муҳтожликларимизни маълум қиламиз, бироқ Худованд қандай жавоб беради. Ахир суҳбат икки киши орасида фақат тинглаш билан эмас, гапириш орқали ҳам содир бўлади-ку?! У бизга Ўзининг Каломи, қадимги ва ўзгармас Муқаддас Китоби орқали «гапиради». Ҳа, У чиндан ҳам гапиради. У инсонга ўхшаб овоз чиқариб гапирмайди. Гарчи, қадимда художўй кишилар Унинг овозини бир неча марта эшитишган бўлса ҳам, бугун У Ўз фарзандларига Каломи орқали гапиради. Бироқ бу оддийгина ўқилган, тушунилган оят ёки фикр бўлиб қолмайди. У сизга Ўз Каломидаги бирор бир фикрни айтмоқчи бўлар экан, юрагингиз Унинг майин, меҳрга тўла овозини эшитади. Бундай ҳолатдан кейин Худованд гапираётганига шубҳа қила олмайсиз. Бошқа ҳеч ким, ҳатто ўзингизнинг ички овозингиз ҳам, иблис ҳам шундай гапира олмайди.

Бирор бир киши билан суҳбатлашиш жараёнида унинг қандай инсон эканини билиб оласиз. Ўша киши билан қанчалик кўп суҳбатлашсангиз, шунчалик яхшироқ билиб борасиз. Худованд билан ҳам шундай. Худовандни кўпроқ билишни истайдиган ҳар бир аёл У билан кўпроқ мулоқотда бўлиши, суҳбат учун кўпроқ вақт сарфлаши керак бўлади. Ҳар сафар Худонинг янги хислатларини билиб бориш билан бирга, ўзингизнинг Худо назарида қандайлигингизни ҳам билиб борасиз. Бу икки жараён биргаликда кечади. Суҳбатлашиш жараёнида ҳам Худони яхшироқ билиб борасиз, ҳам ўзингизни. Ўзликни англай билиш бошқаларнинг наздида эмас, айнан Худонинг наздида қандай инсон эканлигингни билиш ортиқча ташвишлардан, тушкунликлардан, ўз-ўзини камситишдан қутқаради. Шундан сўнг асабийлашиш ҳоллари ҳам камаяди. Худованд билан суҳбатлашиш бизга фақат фойда келтиради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top