Ассалому алайкум. Бугунги кунда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояланиши учун жуда кўп ишлар қилинмоқда. Аёлларнинг етарлича таълим олиши, бугунги замон талабларига жавоб бера олиши учун турли ўқув марказлари очилган. Бугунги кун аёли замон билан ҳамнафас юриши лозим. Давлатига ва дунёга фойдаси тегадиган фарзанд ўстириши учун у ҳам технологиядан, дунёда бўлаётган воқеалардан, сиёсатдан, тарихдан боҳабар бўлиши лозим. Ундан ташқари бирор бир ҳунарга эга бўлган аёл ҳеч қачон пулга зориқмайди. Ўз меҳнати билан фарзандларига имконият яратишда турмуш ўртоғи ёнида елкадош бўлишга қодир бўлади. Ўз меҳнати, кучи ва билими билан оиласига, турмуш ўртоғига қолаверса давлатига нафи тегаётганидан аёлнинг ўзи ҳам хурсанд бўлади. Бугунги давр аёллардан мана шуни кутади.
Аммо шунга қарамай, Европа ва ЕвроОсиё давлатларида ҳали ҳам аёлларнинг осонгина одам савдоси фирибгарларига алданиши кўп учрамоқда. Ўтган ўн йил давомида одам савдоси янада авж олиб кетди. Одам савдоси фирибгарларига алданиш, собиқ совет иттифоқи давлатларида жуда кўп учрайди. Жанубий Шарқий Осиё эса бу борада иккинчи ўринда туради. Ҳар йили 175,000 дан 500,000гача киши сотилади.
Шундай жабрланганлардан бири Чехославакиялик Катяни бошқа давлатга сотиб юборишган. Икки яшар қизи билан эридан ажралган Катя бир дўстидан чет давлатга пул ишлаб келиш таклифини олади. Чет давлатда официантлик қилиб бир мунча пул ишлаб келиш таклифига алданган Катя икки ёшли қизини қолдириб Нидерландияга кетади. У ерда Катяни фоҳишаҳонага келтириб ташлашади. Агар бу ишдан бош тортадиган бўлса, Чехославакияда қолган қизидан умидини узишини айтиб дағдаға қилишади.
Катя ва унга ўхшаш аёлларни давлатлараро одам савдоси билан шуғулланадиган фирибгарлар турли фоҳишаҳоналарда ва уйларда қул сифатида ишлатишади. Бунга қаршилик қилганларни дағдаға билан қўрқитиб мажбурлашади. Одам савдосида сотилган кўпчилик аёллар бир амаллаб, чет давлатдан ўзларининг элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Ҳар бир давлат ўз фуқаросига бажонудил ёрдам беради.
Бироқ бу каби алдовларга учмаслиги учун аёл ўқимишли, дунё воқеаларидан боҳабар ва ўта зийрак бўлиши лозим. Бу ҳам ўзи ҳам болаларининг тақдири учун жуда муҳим ҳислатлар. Бугун дунё давлатларида рўй бераётган инқироз даврида аёллар юқоридаги каби ҳолатларга осонгина алданиб қолмоқдалар. Улар бекордан-бекорга катта пул ҳеч қаердан келмаслигини унутиб қўймоқдалар.
Четдан пул ишлаб келиш васвасаси ўрнига, ўз давлатида ҳунар ўрганиб, шу ҳунари ортидан моддий шароитга эришиш мумкин. Бугун бутун дунёда аёлларни кичик бизнесга ўргатиш, атрофидаги шароитга ва ҳолатга мос бир ҳунарга ўргатиш деярли ҳар бир давлатнинг қонунига киритилган. Қадимдан ҳам момоларимиз бекор ўтиришмаган. Бир уй аёллар маълум бир кунларда йиғилишиб, кашта, дўппи тикиб, кўрпа қавиганлар. Тикиш асносида, эрларидан эшитган дунё хабарларидан бир-бирларини воқиф қилганлар. Хуллас аёлларнинг ҳунарли бўлиши, кичик бизнесга қўл уриши Шарқ давлати аёллари учун янгилик эмас. Ҳар бир аёл ёшлигидан у ёки бу ҳунарни онасидан ёйинки бувисидан мерос қилиб олган. Фақат бу ҳунарини, қобилиятини ривожлантирса бас. У ҳам бошқаларни ҳайратга соладиган ишларни қила олади.