Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Куйидаги дастурлар асосан тадбиркорчилик билан шуғулланмокчи бўлган юртдошларимизга фойдали бўлиши мумкин. Дастур давомида, кизикарли ва тадбиркорлик фаолиятингизга фойдали маълумотларни хавола этаман. Азизлар, бугун ҳам биз сизлар оилавий бизнес, яъни оилавий тадбиркорчилик ҳақида сўз юритамиз.
Мамлакатимизда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилгани туфайли бугунги кунда соҳа изчил ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бормоқда. Албатта, соҳада ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширилишида мамлакатимиздаги банк муассасаларининг ҳам катта ҳиссаси бор. Хўш, ҳозирги кунда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг кредит маблағлари билан таъминланишида қандай имтиёз ва қулайликлар мавжуд? Умуман, банк-молия муассасалари томонидан бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни матбуотда эълон қилинди. Бу кўплаб юртдошларимизга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун янада катта имкониятлар эшигини очди. Аммо яхши ғоя ва бизнес лойиҳанинг борлиги ҳали тадбиркорлик йўлга қўйилди, дегани эмас. Бундай пайтда кўпчиликни маблағ масаласи ўйлантиради. Тадбиркорликка қўл урган юртдошларимиз банк муассасаларидан кредит маблағларини олиши учун биринчи қадамни нимадан бошлагани маъқул? — «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшади. Зеро, мамнуният билан айтиб ўтиш жоизки, ушбу меъёрий ҳужжат кучга кирганидан сўнг оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларимизнинг сони сезиларли даражада ошди.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган юртдошларимиз биринчи навбатда яшаш ҳудудидаги туман ёки шаҳар ҳокимлигининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясидан белгиланган тартибда юридик шахс ёки юридик шахс мақомини олмаган тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши зарур. Шундан кейин исталган тижорат банки филиалида ҳисоб рақамини очиш мумкин.
Шу ўринда 2011 йилнинг 1 сентябридан бошлаб кичик бизнес субеъктлари тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақамлар очгани учун тўловлар ундириш бекор қилинганини ҳам айтиб ўтиш керак. Кейинги қадам эса амалга оширилиши режалаштирилган ғоя бўйича пухта ҳисоб-китобларга асосланган бизнес-режани тузишдан бошланади.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки www.najot.com сайтининг керакли бўлимига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.