Ассалому алайкум. Гўзаллик ва аёл ўзаро уйғун яратилган ҳилқатдир. Аёллар қадимдан турли табиат неъматларидан фойдаланган ҳолда, гўзаллик ва ёшликни имкон қадар узоқроқ сақлашга ҳаракат қилганлар. Чунки гўзаллик ҳамма давраларда ҳам аёл кишининг қудратли кучи ва қуроли ҳисобланган. Лекин гўзаллик фақат табиат инъоми эмас, балки киши ўзига нисбатан диққат билан парвариш, эътибор, соғлом турмуш тарзи олиб боришнинг ҳамда ҳамиша кўтаринки кайфиятда бўлиб, ҳаётдан завқлана олишликнинг натижаси ҳамдир. Бизда гўзалликка доир жуда кўп мақоллар бор. Масалан, «Онангни отангга бепардоз кўрсатма». Ҳар бир аёл гўзал, мафтункор бўлишни истагани билан турмуш ташвишлари, баъзан эса эринчоқликлари сабаб ўзлари учун керак бўлган эътиборни унутиб қўядилар.
Хунук аёл бўлмайди, дея ҳисоблашади косметологлар. Фақат ўз ташқи қиёфасига эътиборсиз аёллар бўлади. Дастлаб кўзгуга боқиб табассум қилинг, сездингизми, сиз ҳозирданоқ гўзал кўринаяпсиз. Гўзаллик фақат юзда эмас, ҳарактерингизда ҳам бўлсин. Бугунги кун косметологлари аёлларни гўзал бўлишга чақираётган бир пайтда, ҳали вояга етмаган 13-15 ёшли қизчалар ҳам рангли бўёқлардан фойдаланиб, гўзал бўлишга интилишмоқда. Аслида мактаб ёшидаги қизларга сунъий гўзаллик умуман керак эмас. Уларнинг косметик воситалардан фойдаланиши уларнинг ёш териларини зарарлайди. Билиб билмай, юзга ҳар хил нарсаларни суртиш унга эрта ажин тушиш, доғ ва ҳар хил ҳуснбузарлар чиқишига олиб келади.
Атрофимиздаги баъзи аёллар умуман косметик воситаларга мурожаат қилишмайди. Аксинча бошқалари эса куни бўйи бўянган ҳолда юришади. Ундан ташқари тез-тез юзларига суртиб туришади. Косметик воситалардан сурункасига фойдаланиш ўзларининг табиий гўзалликларига путур етказишади. Кимёвий хусусиятга эга бўлган турли пардоз воситалари терида барвақт ажин тушириши билан бирга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам ҳар нарсада меъёр керак. Тери жуда нозик бўлади. Унга ҳам вақти-вақти билан дам бериб туриш керак. Агар терига дам берилмаса, тери ости ҳужайралари барвақт нобуд бўлади. Масалан, ҳадеб лаб бўёғи ишлатадиган аёлнинг лаблари ўз табиий рангини йўқотади. Шунинг учун пардоз воситаларидан фойдаланадиган аёл унинг қанча муддат ишлатилиши мумкинлигига ҳам эътибор бериши лозим.
Пардоз қутингиздаги пардоз воситаларини ҳар йили алмаштириб туринг. Тугамаганига аҳамият берманг. Сифатли упанинг яроқлилик муддати 1,5 йил. Тонал кремдан фойдаланадиган бўлсангиз, унинг таркибини текшириб кўринг, агар у сув асосида тайёрланган бўлса, яроқлилик муддати 1 йил, ёғли бўлса, 1,5 йил. Тушнинг яроқлилик муддати эса жуда қисқа бўлади. Ундан 3-4 ойдан ортиқ фойдаланиш тавсия этилмайди. Муддати ўтиб кетган тушни эса ўйлаб ўтирмай ташлаб юборишни маслаҳат берамиз. Лаб бўёғининг яроқлилик муддати эса сифатига қараб 1-2 йил бўлади. Агар лаб бўёғингизда ёқимсиз кимёвий ҳид пайдо бўлган бўлса, демак, ўз вазифасини бажариб бўлган, уни ташлаб юборишингиз мумкин. Бутунлай гўзал кўриниш учун фақат пардозга эмас, аёл ўз соғлиғига ҳам эътибор қилиши керак. Соғлом аёлгина гўзал кўринади.