Narrator 1 Ассалому алайкум. Бош оғриғи инсониятга азалдан яхши маълум бўлган азият ҳисобланади. Чунки бу нохуш таъсирот жабрини тортмаган киши бўлмаса керак. Бундай нохушликдан азият чеккан одамзод азал-азалдан уни даволашнинг турли усулларини излаб келган. 5 минг йил илгари ёзиб қолдирилган қадимги манбаларда “бош оғриғидан озорланувчи” ибораси учрайди. Қадимги Хитой ва Мисрда бош оғриғини ўз услублари бўйича даволашган. Оғриқ энг кўп тарқалган ҳиссиётлардан биридир. Унинг характери, даражаси, давомийлиги ва бошқа хусусиятлари турли-туман бўлади. Оғриқ нохуш ҳиссиёт бўлганлиги учун, тана ундан доимо қутулишга ҳаракат қилади. Бироқ, оғриқнинг фойдали томони ҳам борки, у организмда рўй бераётган ўзгаришлардан хабар беради. Оғриқ фақат хабарчи бўлибгина қолмай, танадаги дардликларни бартараф қилиш учун чора-тадбирлар кўришга чорлайди.
Narrator 2 Шундай қилиб, оғриқни фақат хабар берувчи ҳиссиёт сифатида эмас, ҳимоя воситаси эканлигини ҳам англаш лозим. Инсон танасидаги оғриқларни асаб тизими фаолияти орқали сезади. Асаб тизимининг асосий қисмлари – бу бош мия, орқа мия, асаб толалари ҳисобланади. Оғриққа таъсирчанлик оғриқ рецепторлари миқдорига эмас, балки инсоннинг ёши, жинси ва руҳиятига боғлиқ. Масалан, одам қўрққанда, жаҳли чиққанда ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда оғриқни сезмайди. Шунингдек, бутун диққатини бир нуқтага жалб қилган одам ҳам оғриқни сезмаслиги мумкин. Оғриққа кўпроқ бош чаноғи артериялари таъсирчан бўлади. Бош оғриғи касаллик эмас, балки хасталик аломатидир. Асаб тизимининг органик оғриқларига мия ўсмалари, миянинг лат ейиши, қон қуйилиши ва ҳоказоларни киритиш мумкин. Бош оғриғи чуқур уйқуда, наркоз таъсирида, кучли ҳиссий қўзғалишда ва гипнотик ҳолатларда сезилмайди.
Narrator 1 Оғриқ рецепторлари асаб толалари қисилганда таъсирланади. Шунингдек, турли заҳарли моддалар таъсирида ҳам бош оғрийди. Чунки айрим касалликлардан сўнг моддалар алмашинуви бузилганда, бактерия ва вируслар фаоллашганда организмда токсинлар пайдо бўлади ва тана заҳарланади. Ички секреция безлари ошқозон ичак тракти фукциясининг ўзгариши ҳам оғриққа сабаб бўлади. Кўпчилик ҳаётий тажрибасидан биладики, бош оғриғи фақат касаллик натижасида эмас, ташқи кўринишидан соғлом кишиларда ҳам пайдо бўлади. Бундай одамлар одатдаги ҳаёт тарзи билан яшайдилар, меҳнат қиладилар, фаолият юритадилар. Шу пайтгача соғлом деб ҳисобланган одамларда ҳам бош оғриғи пайдо бўлиши, оғриқдан сўнг яна тўлақонли ҳаёт билан яшашини қандай изоҳлаш мумкин? Кўпинча улар бу борада шифокорга мурожаат ҳам қилмайдилар.
Narrator 2 Гап шундаки, бундай одамларда оғриқ об-ҳаво таъсирида, овқатланиш, меҳнат, дам олиш, уйқу тартиби бузилганда, атроф-муҳит шароити ўзгарганда, руҳий таъсир натижасида, спиртли ичимликларга муккадан кетганда, чекишдан зарарланганда пайдо бўлади. Об-ҳаво ўзгариши натижасида танада вужудга келадиган нохуш ўзгаришлар, жумладан бош оғриши, кайфият бузилиши, ҳолсизланиш, бўғим ва кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлиши, уйқу бузилиши каби аломатлар инсондаги метеолабиллик ҳолатидан далолатдир. Одатда об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар бошдан жароҳатланган ёки асаб тизими фаолияти заифлашган бўлиши мумкин. Аксари 40 ёшдан ошган кишиларда ҳам шундай мойиллик рўй беради. Бу ҳолат шаҳар аҳолисида қишлоқ жойдагиларга нисбатан 2-3 баробар кўп учрайди.