3:28

Бош оғриғи 2 қисм

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. ўтган сафарги суҳбатларимизни тинглаган бўлсангиз, бош оғриғи ҳақида гаплашган эдик. Меҳнат ва дам олиш тартибининг тўғри ташкил қилинмаганлиги ҳам бош оғриғининг вужудга келиши сабабларидандир. Инсон ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланаётганда мушаклар ҳамда асаб тизими маълум даражада иштирок этади. Айниқса, жисмоний меҳнат билан шуғулланаётган пайтда организмнинг юрак қон-томир мажмуига ҳамда мушакларга оғирлик тушади. Шунинг учун меҳнат фаолиятини дам олиш билан бир меъёрда олиб борилса, иш унумли бўлади, меҳнат самарадорлиги ошади. Агар иш узлуксиз давом этса тана зўриқиб, қаттиқ чарчайди. Натижада бош оғриғи юзага келади. Жуда кўп машҳур кишилар ёши ўтганда ҳам ақлий меҳнатни жисмоний меҳнат билан уйғунлаштириб олиб борганликлари учун иш қобилиятини, фикр тиниқлигини, жисмоний соғломликни йўқотмаганлар.

Narrator 2 Уйқу меъёрининг бузилиши ҳам бош оғриғига сабаб бўлади. Уйқу физиологик жараён бўлиб, бу вақтда асосий аъзолар ва тизимлар, айниқса, асаб тизими дам олади. Сутканинг учдан бир қисми уйқу меъёри ҳисобланади. Турли сабабларга кўра тўлақонли ухлай олмаган кишида тез чарчаш, асабийлашиш, ҳолсизланиш, иштаҳасизлик, хотира пасайиши, сабабсиз ваҳимага тушиш, кучли бош оғриғи каби аломатлар кузатилади. Соғлом одамлар узоқ вақт уйқудан маҳрум бўлганда ёки уйқунинг доимий қисқариши натижасида бош оғриғи кузатилмаса-да асаб тизимининг чарчаши ва унинг марказий аппаратида зўриқиш пайдо бўлади. Бунинг олди ўз вақтида олинмаса соғлом одам касалга айланиб, невроз ва бош оғриғи ривожланади. Асаб тизими овқатланиш жараёнини ҳам назорат қилади ва ўзи ҳам озиқланиш тартиби таъсирида бўлади.

Narrator 1 Шунинг учун овқатланиш тартиби бузилса бош оғриғини келтириб чиқарувчи турли касалликлар пайдо бўлади. Кучли бош оғриғи витаминлар танқислиги ёки меъёри ортиб кетганда, айниқса В гуруҳидаги витаминлар етишмаганда келиб чиқади. Ўткир бош оғриғи аллергия келтириб чиқарувчи моддаларга нисбатан организм таъсирчанлиги ўзгарганда ҳам ривожланади. Бундан ташқари касалликка оид бўлмаган ҳаётий вазиятлар – бирор-бир вазифани муддатидан илгари бажариш зарурлиги, ҳаддан ташқари кўп ишлаш ҳам бош оғриғи сабабларидандир. Овқатланиш оралиғида танаффуснинг узоқ давом этиши ҳам баъзиларда бош оғриғига сабаб бўлади. Бу ҳолат ошқозон ости бези инсулинни кўп ишлаб чиқарадиган кишиларда юз беради. Натижада қондаги қанд миқдори камайиб, заифлик, очлик, қалтираш, бош айланиши юз бериб ўткир диффуз бош оғриғи ривожланади.

Narrator 2 Бунда овқат еб олгандан сўнг ёки бир пиёла ширин чой ичиш билан оғриқ тезда ўтиб кетади. Сўнгги вақтларда бош оғриғи ривожланишининг сабабчиларидан бири, қаҳва ва аччиқ чойни суистеъмол қилиш бўлиб қолмоқда. Қаҳва ва чой таркибидаги кофеин бутун организмга таъсир кўрсатади. Марказий асаб тизимини таъсирлантирган кофеин бош мия пўстлоғида қўзғалиш жараёнини кучайтиради. Натижада юрак фаолияти тезлашиб, қисқариш ортади, қон босими кўтарилади. Кўп миқдордаги кофеин моддалар алмашинувини сунъий тарзда оширади, уйқусизликни чақиради, аниқ нуқтага эга бўлмаган бош оғриғини келтириб чиқаради. Баъзида пешона соҳасида лўққиллайдиган бош оғриғи пайдо бўлади. Шунинг учун қаҳвани бир кунда 1-2 пиёладан ортиқ ичиш мумкин эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top