3:30

Бўйин ва белда туз йиғилса…

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз давомида, сизларга саломатлик борасидаги баъзи тавсияларимизни бериб ўтмоқчимиз. Айтинг-чи, ҳозирги тезкор даврда ривожланган шаҳарда яшовчи қайси одам пиёда ишга боради? Тўппа-тўғри, ким бўлишидан, ёшидан қатъи назар, биз ишга таксида ёки жамоат транспортида борамиз. Яна денг, агар бинода лифт бўлса, учинчи қаватга ҳам лифтда чиқамиз. Афсуски, ишхонада ҳам аксарият кўпчилик ўтириб ишлайди. Ишдан уйга қайтгач,  яна телевизор қаршисига чўкамиз. Чунки севимли сериалларимиз бошланади-да! Бундай кам ҳаракатлилик эса бир кун келиб бўйинда, белда туз йиғилишига олиб келади. Четдан қараганда, унчалик хавфли эмасдай туйилган бу касаллик вақтида даволанмаса, инсульт, умуртқа поғонаси чурраси сингари жиддий хасталикларга олиб келиши мумкин.

Narrator 2 Умуртқа остеохондрози —  яъни бўйин ва белда туз йиғилиши илгарилари ёши катта одамларда учрарди. Ҳозирги кунда 25 ёшли йигит- қизлар ҳам шу касалликка чалинишяпти. Бунга сабаб: кам ҳаракат қилиш, танани доимий равишда бир хил ҳолатда тутиш ва ўзига беэътиборлилик, бадантарбия қилмаслик. Шунингдек, бу касалликка умуртқа поғонасида туғма нуқсони бўлган кишилар, жисмоний зўриқиб ишлаш ҳам сабаб бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам одам темирдан ясалмаган. Киши кучидан ортиқ иш қилмаслиги керак. Айтадилар-ку, эҳтиёт бўл, белинг чиқмасин, деб. Аммо биз доим шошамиз. Икки марта қатнашга эриниб, оғир юкни битта қилиб кўтарамиз. Оқибатда… белда туз дейсизми, чуррами, томир кенгайишими, биронтасини орттириб оламиз. Шунингдек, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш ҳам остеохондрозга сабаб бўлади. Чунки нафақат, танага, суякка ҳам озуқа керак. Агар таомномамизда керакли витамин ва тузлар етишмаса ҳам бел-бўйинда туз йиғилиши мумкин.

Narrator 1 Остеохондрознинг белгилари юрак хуружига ўхшаб кетади. Масалан, бўйинда туз йиғилган бўлса, бош оғрийди ва айланади, қўл увишади. Баъзилар қўли увишса, дарров кардиологга мурожаат қилади. Айниқса, бўйин-кўкрак умуртқаси остеохондрози юрак хуружига ўхшайди. Шунинг учун бундай беморлар  янглишиб юрак шифокорига мурожаат қилишади. Аслида остеохондроз касаллигида туз йиғилган жой симиллаб оғриб туради. Шифокор тавсияларига тўғри амал қилсангиз, бу касалликдан тез қутуласиз ва у нохуш асоратларни келтириб чиқармайди. Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул. Қуйидаги қоидаларга риоя қилинг. Бел ва бўйинда туз йиғилмасин десангиз: Узоқ вақт тик турманг ёки ўтирманг. Агар ишингиз шуни талаб этса, ҳар соатда айланиб келинг. Тана ҳолатини ўзгартирар экансиз, кескин ҳаракат қилманг.

Narrator 2 Умуртқа жароҳатларидан эҳтиёт бўлинг. Гавдангизни тўғри тутишга ҳаракат қилинг. Тўшагингиз жуда юмшоқ бўлмасин, аммо текис бўлиши шарт. Шунингдек, баланд ёстиқ қўйиб ухламанг. Кўпроқ суюқлик ичинг. Бу умуртқалар орасидаги намликни сақлашга ёрдам беради. 10 килодан ортиқ юк кўтармаган маъқул. Қулай оёқ кийим кийишга ҳаракат қилинг. Айниқса, аёллар баланд пошнали туфли кийганда умуртқага оғирлик тушади. Бадантарбия билан мунтазам шуғулланинг. Ҳафтада 2-3 марта сузишга боринг. Стресслардан сақланинг. Кейиинги суҳбатларимизни ҳам тинглаб борсангиз, саломатлигингизга доир фойдали маслаҳатларимиздан баҳраманд бўласиз. Ҳамда бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга турли мавзудаги бир биридан қизиқ маълумотлар сандиғини очади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top