Ҳар бир балоғатга етган қиз турмуш қурар экан, турмуш ўртоғи уни севишини қадрлашини ва у билан бир умрга қолишини истайди. Бу истак аёл турмуш қурганидан кейин ҳам йўқолмайди. Худди мана шу истак, «Эрим мени нега севади?» деган саволни туғдиради. Биз ҳам сиз билан айнан мана шу саволга жавоб топмоқчимиз.
Ассалому алайкум, қадрдонлар. Тасаввур қилинг, уйингизга кутилмаганда меҳмон келиб қолди. Сиз ҳамма ишни ташлаб, унинг кўнглини олишга киришиб кетасиз. Бир гапириб, ўн куласиз. Хамма хурсанд, ҳамма сиздан рози. Сиз бўлмаганингизда меҳмонлар бунчалик яйрашмасди. Сиз ўзингизча ўйлайсиз: «Мен меҳмон кутишни ўрнига қўяман. Лаб-даҳаним қўлим билан баравар ишлаб, келганларнинг кайфиятини ширин сўз билан кўтара оламан. Бундай аёлни қайси эр севмайди?»
Аслида эса… Сергаплик, очиғини айтганда, аёл кишига ҳос бўлса-да, уни безайдиган одат эмас. Озгина ҳазил қилиш ҳеч кимга зиён келтирмайди, албатта. Аммо кулгили латифалар айтиб, келганларнинг кайфини чоғ қилиш, асосийси, ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб ўтиришни кўпроқ эркакларга чиқарган. Хотин эса унинг ҳеч ким кулмаётган латифаларига кулишни бошлаб бериши керак холос. Шундагини жуфтингиз «Хотиним мени ҳаммадан кўпроқ тушунади», деб ўйлайди. Умуман олганда, у сизни қувноқлигингиз учун севмайди. Шунчаки сиз унинг ўз одамисиз. Сиз билан муомала қилиш осон, заҳар эмассиз. Худди энг яқин улфати каби…
Агар эрингиз оғир босиқ бўлса, турмушингиз осуда кечади. Узоқ умр кўриб, қўша қарийсизлар дейиш мумкин.
Аммо у эътиборталаб, иззатталаб инсон бўлса, ҳамиша сизнинг соянгизда қолиб кетаверишга кўнмаслиги мумкин. Тўғри, сиз табиатан ёрқин ва сўзга чечан инсонсиз, буни атайлаб қилмайсиз. Аммо доно аёлларга хос иш тутиб, вақти вақти билан эрингизнинг соясига ўтишни ҳам эпланг. Жим ўтиринг, кетма-кет ҳазилларингиз билан ҳаммани кулдираверманг. Қисқа қилиб айтганда турмуш ўртоғингизга ҳам ўзини кўрсатиши учун имкон яратиб беринг.
Жуда кўп аёллар бекаму-кўст уй бекаси бўладилар. Бундай бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Кеч кирди. Кечки овқатни тайёрлаб, дастурхон ёзиб, болаларни овқатлантириб, энди эрингизни кутаяпсиз. У келади. Бирга овқатланасизлар, у ёқ-бу ёқдан гаплашасизлар. Кунингиз қандай ўтганини, нима ишлар қилганингизни унга айтиб берасиз.
Эрингиз турмуш ўртоғи шундай ажойиб бека эканлигидан хурсанд бўлади. Ўзингизча ўйлайсиз: «Яхши уй бекаси бўлиш, эр ва болаларни оқ ювиб, оқ тараш, уйни саранжом тутиш – ҳар бир аёлнинг зийнати. Бундай аёлларни эркаклар жуда қадрлашади». Бу фикр онангиз ёки бувингизнинг тарбияси туфайли юзага келгандир балки. Аслида эса эркаклар яхши уй бекасини, албатта қадрлашади. Лекин ширин таомлари ёки яхши дазмолланган шими учун эмас, оилада том маънода ўзини бошлиқ деб ҳис қила олгани учун. Аёл болалар ва рўзғор ташвишларини елкасига олиш орқали эрига ҳаётидаги энг муҳим иш билан шуғулланиши учун имкон яратиб беради. Бундай оилаларда эркакларнинг ўзига бўлган ишончи жуда юқори бўлади. Чунки ҳеч бўлмаганда аёли уни ҳурмат қилади-да! Бундай аёллар вақти вақти билан гўзаллик салонларига, тикувчига боришга вақт ва имконият топишлари керак.