2:56

Иқлим ва саломатлик

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Иқлим, об-ҳавонинг инсон организмига таъсир қилиши азалдан маълум. Юнон олими Гиппократ ўзининг эпидемик касалликлар ҳақидаги асарларида ҳар бир касалликнинг таърифини метеорологик муҳитнинг таъсирини тавсифлашдан бошлаган. Абу Али ибн Сино: «Йил фаслларидаги ўзгаришлар ҳар бир иқлимда бирон-бир касалликни кўзғатади. Энг соғлом вақт — кузнинг ёмғирли ва қишнинг ўта совуқ бўлмасдан, шу мамлакатнинг ўзигагина хос мўътадил даражада бўлишидир. Қишда тумов касалликлари кўпайиб, бу ҳолат кузги ҳавонинг қишки ҳавога ўзгариши билан бошланади, кейинроқ зотилжам, ўпка яллиғланиши, хириллаш ва томоқ оғриқларига айланиши мумкин», — деб ёзган.

Narrator 2 Қишнинг аёзли кунларида тумов, ангина, бронхит, плеврит, грипп, зотилжам каби касалликлар кўпайиб кетади. Буларнинг олдини олиш учун одам об-ҳавонинг кескин фарқланишига ўз организмини олдиндан тайёрлаб, чиниқтириб бориши керак. Энг муҳими, енгил-елпи кийинмаслик, совуқдан сақланишдир. Биламизки, қиш ойларида ҳарорат ўртача 8-10 даража иссиқдан 5-10 даража совуққача боради. Организмнинг қаршилик кучи бундай ҳароратга мослашмаган бўлиб, томирлар тораяди. Натижада қон айланиши бузилиб, тери устки қисмида иссиқлик пасайиши кузатилади. Олимларнинг таъкидлашича, тери тўқималарида ҳароратнинг пасайиши артериал қон томирлари орқали кислород билан таъминланиш жараёнини сустлаштиради.

Narrator 1 Натижада айрим аъзолар мушаклари ва асаб толалари яллиғланади. Масалан, тумов бўлган кишида дастлаб акса уриш, томоқ қирилиши, бурундан сув оқиши, бошнинг лўқиллаб оғриши каби ҳоллар рўй беради. Мия гангиши, қош атрофида оғриқ пайдо бўлиши ҳам кузатилади. Ўткир тумов тез-тез қайталаб турса, сурункали тумовга айланиб кетиши мумкин. Грипп — қишки касалликларнинг энг юқумли ва хавфлиси ҳисобланиб, тез тарқалиб кетиш хусусиятига эга. Гриппни келтириб чиқаришда вируслар катта роль ўйнаши 1933 йилда инглиз олимлари томонидан исботланган. Нафас йўллари ҳужайраларига тушган бир нечта вирус заррачаси ўзига қулай шароитда бир кеча-кундузда бир неча миллиардгача кўпайиб  кетиши  кузатилган.

Narrator 2 Натижада бемор йўталганида, аксирганида, гапирганида, теварак-атрофга грипп вируслари тарқалиб, касаллик соғлом одамларга юқади. Вируслар организмни заҳарлаб, бош мия ва асаб тизими фаолиятини бузади, эт увишади, ланжлик, иситма, кучли бош оғриғи, терлаш, йўтал, камқувватлик, бурун битиши, бел, қўл-оёқлар оғриши, уйқусизлик, иштаҳа йўқолиши, томоқ шишиши каби белгилар пайдо бўлади. Қуруқ йўтал пайдо бўлиши кузатилади. Унинг келиб чиқишига асосан, организмнинг чиниқмаган бўлиши, мавсумга қараб кийинмаслик, ҳаддан ташқари чарчаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва дам олиш тартибига риоя қилмаслик каби омиллар сабаб бўлади. Барча ёшдаги кишиларга шамоллаш билан боғлиқ хасталикларда улар хуш кўрган қувватбахш таомларни тайёрлаб бериш лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top