3:09

Мен жуда қобилиятлиман

MP3

Ассалому алайкум, гўзал ва ҳар ишда моҳир опа-сингиллар. Чиндан ҳам аёл кишининг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Қадимда момоларимиз фақат уй бекалиги, оила саранжомлиги, тикиш-бичиш, пазандалик ва тўппичилик билан шуғулланган бўлсалар, бугунги кун аёлидан ҳамма нарсани кутишингиз мумкин. Аёлни ҳар жабҳада учратасиз. Дунёда олималар, аёл президентлар, вазирлар, инжинерлар, машинистлар, спортчилар бор. Аёл ҳатто космосни ҳам ишғол қилган. Шундай экан, нега аёл бор-йўғи уй бекаси бўлиш билан чекланиши керак экан?! Жуда кўп замонавий аёллар мана шундай фикр қиладилар. Уларнинг фикрлари жуда тўғри. Аёл Худованд берган ақл-фаросат билан истаган юқори чўққиларга эришиши мумкин. Ҳар соҳада илғор бўла оладилар. Бироқ, аёл энг биринчи навбатда аёллигини, рафиқа, она ва уй бекаси эканлигини унутмаслиги керак.

Худованд аёлни яратаётганида, унинг турмуш ўртоғи учун мададкор ва уй бекаси этиб яратган. Унинг табиат томонидан берилган энг олий вазифаси, фарзандларни дунёга келтириб, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, уйига – хонадонига ажойиб бека бўлиш ва турмуш ўртоғининг мададкори бўлишдир. Аёл уйдан ташқаридаги ишида қанчалик муваффақиятга эришмасин, фарзандларига тарбия беролмаса, ҳамма муваффақиятлари бир пул. Бошқалардан қанчалик мақтов эшитмасин, турмуш ўртоғи уни ажойиб рафиқа ва уй бекаси деб ҳисобламаса, мақтовлар ҳам чикора. Шундай экан «уй бекаси бўлиш мен учун эмас. Мен жуда иқтидорлиман», — дейдиган аёллар бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўришлари керак. Аёл уйдан ташқарида ишлаётган бўлса, буни ташлашнинг ҳеч кераги йўқ, фақат ўзига оладиган маъсулиятларни камайтириб, ишдан бўш пайтларида иложи борича, кўпроқ вақтини оилага, фарзандларига бағишлаши лозим.

Худованд ҳеч қачон «Аёл фақат уйда ўтириши керак», демаган. Худованд Маталлар китобида тасвирлаган уй бекасига диққат қилинг-а. У қандай бўлган экан?!

«Фаросатли хотинни ким топа олади? Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд. Эри унга юракдан ишонади, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди. У эрига ёмонлик эмас, бир умр яхшилик қилади. Жун ва сурп топади, хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди. Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради. Қоронғуда ўрнидан туриб, уй аҳлини овқатлантиради, хизматкорларига топшириқ беради. Ўйлаб дала сотиб олади, ўз қўли билан узумзор яратади. Белини маҳкам боғлаб, қўлларига қувват беради. Қилган ишининг роҳатини кўради, тунлари ҳам чироғи ўчмайди. Қўлини чархга қўяди, бармоқлари дукни тутади.

Камбағалларга қўлини узатади, муҳтожларга раҳм қилади. Уй аҳли учун қиш-қировдан қўрқмайди, чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган. Ўзи учун сўзана тикади, либоси эса кимхоб ва шойидандир. Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради, яна шаҳар дарвозаларида танилган. Яна шойидан кийим тикиб сотади, савдогарларга белбоғ етказиб беради. Либоси – қувват, шараф, у келажакка қараб қувонади. Донолик билан сўзлайди, меҳр билан насиҳат қилади. Уй аҳлига яхши қарайди, дангасалик қилмайди. Болалари туриб дуо қилади, эри ҳам мақтайди. «Фаросатли аёллар кўп, аммо сен ҳаммасидан аълосан». Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади. Меҳнатининг мевасини кўрсин, ишлари дарвозаларда уни шарафласин.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top