3:26

Худонинг сўзи 251

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона бўлсада дийдор учрашганимиздан бағоят миннатдорман. Ҳурматли биродарлар, Эски Аҳд тарихий ҳикоя шаклида ёзилган бўлса ҳам, у ундан-да чуқурроқ маънога эга. Эски Аҳдни ўқиганда масиҳийлар кўплаб муаммоларга дуч келишади, ҳозир уларнинг баъзиларига тўхталиб ўтаман. Энг аввало, Эски Аҳд масиҳийликдан олдин бор эди, унда масиҳийлик имони ҳақида бирор нарса очиқ-ойдин айтилмаган.

Исроил халқи масиҳий бўлишмаган. Улар “масиҳийча” ҳаёт кечиришган деб ҳам айтолмаймиз. Иккинчидан, Эски Аҳдда бир қанча кўрсатмалар борки, биз масиҳийлар уларни бажармаймиз. Бунда биз Исроил халқининг расм-русумлари ва аҳлоқий қонунни фарқлашимиз керак. Биз ўша расм-русумларга амал қилмасак-да, аҳлоқий қонун ҳар доим амалда бўлиб, унга бўсунишимиз шарт. Лекин, баъзан қуйидагича муаммо келиб чиқади: Шаббат кунига эътибор бериш амрини баъзилар расм-русум деб бекор қилсалар, бошқалар унга аҳлоқий қонун деб қаттиқ амал қилишади.

Учинчидан, пайғамбар китоблари назари билан қараганда, Худонинг якуний қутқариш фаолияти Исо Масиҳдалиги очиқ-ойдин кўрсатилмаган. Бунинг ўрнига Худонинг якуний қутқариш фаолияти Исроил халқининг тақдирига қаратилган. Худонинг Шоҳлиги Исроилда қайта қурилган, қайта тикланган Худонинг маъбадига қаратилган бўлиб, у ерга аввал тарқатиб юборилган барча исроилликлар қайтиши таъкидланган. Бундан ташқари пайғамбарлар ўлимдан кейинги ҳаёт, Худо Шоҳлиги келишидан олдин дунёдан кўз юмганлар тақдири муаммолари ҳақида умуман айтиб ўтишмаган.

Тўртинчидан, кўпчилик масиҳийлар қабул қилишгани каби, Эски Аҳд – Янги Аҳд келиши учун тайёргарлик бўлса, нима учун бирининг имони бошқасиникидан катта фарқ қилади? Бу нарса имонлиларга муаммо эканлигини жамоатларда Эски Аҳдни ўқишнинг йўқолиб боришидан билиб олишимиз мумкин. Эски Аҳд имони Янги Аҳд имонининг сояси, холос, ёки Янги Аҳдга келиб Эски Аҳд бажо бўлди, деб айтиш осон. Аммо бу Эски Аҳдни бутунлай бекор бўлди, энди унинг кераги йўқ, деганими?

Лекин, Янги Аҳднинг ўзида, ҳамда қадимий жамоат урф-одатларида нимадир Эски Аҳдни бекор қилишимизга қаршилик қилади. Эски Аҳд ҳали ҳам масиҳийларнинг амалдаги Муқаддас Китоби бўлишда давом этяпти ва мана шу нарса уни талқин қилишимизни талаб этади. Муқаддас Китоб Илоҳиёти Эски Аҳддан то Янги Аҳдгача бўлган Муқаддас Китоб тарихи ривожини ўрганади, мана шу икки Аҳд ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топишга ҳаракат қилади. Пайғамбарлик ва қонун китоблари, тарихий ҳикоялар, ҳикматлар ва апокалиптик ваҳийлар қандайдир равишда Исо Масиҳнинг келишига боғлиқлиги аниқ. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги янги сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.dilkashradio.com Ҳозирча сиз азизлар билан хайрлашиб, барчангизга омонлик тилаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top