Narrator 1 Ассалому алайкум. Ёдингизда бўлса ўтган сафар сизлар билан қадим Исроил халқи ва уларнинг яшаш тарзи ҳамда одатлари ҳақида сухбатлашган эдик. Бугунги суҳбатимиз давомида эса Рут, Наима ва унинг бошқа қариндошлари орқали Исроил халқининг одатлари ҳақида яна ҳам кўпроқ маълумотга эга бўламиз. Демак бошладик. Наиманинг Бўаз деган қариндоши бўлиб, анчагина обрўли, бадавлат одам эди. У Наиманинг марҳум эри Элималек уруғидан эди. Бир куни Мўаблик Рут Наимага: — Мен далага бормоқчи эдим. Ким илтифот кўрсатса, ўша даладан бошоқ териб келардим, — деди. — Майли, боравер, қизим, — деди Наима. Ёшлигимда қишлоқда яшаганман. Биз ҳам турли нарсалар экиб, деҳқончилик қилардик. Ҳосилимизни териб олганимиздан кейин, атрофдаги қийналган оилалар келиб, далада қолганларини териб кетишарди.
Narrator 2 Демак, Исроил халқи яшаган даврда ҳам шундай холат одат бўлган. Рут қайнонасининг рухсати билан далага кетди. У ерга етиб келиб, ўроқчиларнинг орқасидан тўкилган бошоқларни тера бошлади. Қарангки, бу дала Элималекнинг қариндоши Бўазники экан. Хўш, сизнингча бу Худонинг иши эмасми? Унинг бошқаруви эмасми? Чиндан Худованд Наима ва Рут оч ва ҳимоясиз қолмаслиги учун Рутни уларнинг энг яқин қариндоши даласига олиб келди. Бир пайт Байтлаҳмдан Бўаз келиб қолди. У ўроқчиларга:
— Ҳорманглар, Худо сизларга ёр бўлсин! — деди. Улар ҳам: — Бор бўлинг, Худо умрингизга барака берсин! — деб жавоб қайтаришди. Бўаз ўроқчилар назоратчисидан Рут ҳақида сўради. У эса бу аёл бечора Наиманинг келини эканини айтиб мақтаб қўйди.
Narrator 1 Бўаз эса Рутга: — Менга қара, қизим, — деди, — бошоқ териш учун бошқа далага бормай қўя қол. Шу ерда менинг чўриларим билан бирга юравер. Сен фақат хизматкорларим буғдой ўраётган далада бўл, уларнинг орқасидан юравер. Хизматкорларимга тайинлаб қўяман, сенга индашмайди. Бўаз хизматкорларига шундай буйруқ берди: — У боғламлар орасидан ҳам териб олаверсин, зинҳор хафа қила кўрманглар. Ҳатто боғламда атайин дон қолдириб кетинглар. У териб олсин, уни койиманглар. Шундай қилиб, Рут қош қорайгунча далада бошоқ терди, терганларини янчиди. У янчган арпа бир тоғорадан кўпроқ чиқди. Бир тоғора хозирги ўлчов бўйича 22 литрга тўғри келади. Наима келинидан унинг қаерда ва кимнинг даласида ишлаганини эшитгач: — У киши бизнинг яқин қариндошларимиздан, оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан, — деб қўшиб қўйди.
Narrator 2 Ибронийча матнда бир махсус термин бўлиб, унинг сўзма–сўз таржимаси — оиланинг қутқарувчиси. Оғир муҳтожликда қолган оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши учун назарда тутилган яқин қариндош. Бундай вазиятда ўша одам Наима ва Рутга ёрдам бериб, ғамхўрлик кўрсатиши, икковининг марҳум эрлари Элималек ва Махлўннинг оиласи номини давом эттиришга ёрдам бериши керак эди. Худованд Наиманинг яқин қариндоши орқали, фарзандлари номи ва авлоди давом этиши учун ёрдамга келди. Худованд жуда ғаройиб ишлайди. У ҳар сафар Исроил халқи иложсиз ва умидсиз қолганда ёрдамга келган. У бугун ҳам шундай ўзгармаган. Бугун ҳам сиз ва бизнинг ҳаётимизда қийинчиликларимизда ва иложсиз аҳволда қолганимизда бизга ёрдам беради. Шу холатдан чиқиб кетишимиз учун йўлни кўрсатади. Муҳими ўша пайтда нигоҳингиз ва умидингиз Худода бўлсин.