2:57

Агар бола ўз яқинларини урса…

MP3

Ассалому алайкум қадрдон оналар. Аёл зоти бор-ки, фарзанд кўриб она бўлишни, вақти соати билан фарзандининг камолини кўришни истайди. Бундай бахт ҳар бир онага насиб этишини яратгандан тилаб қоламиз. Фарзанд жуда ширин неъмат. У биз оналарга Худованднинг ажойиб совғаси. Мана шу совғани жуда эҳтиётлаб, донолик билан вояга етказиш, уни оқил ва меҳрибон қилиб ўстириш биз оналарнинг бурчимиз. Болалар 1 ёшдан 5-6 ёшгача бўлган пайтларида айниқса жуда ширин бўлишади. Аммо эътибор қилиб қарасангиз, мана шундай кичик ёшларида ҳам уларнинг салбий томонлари кўриниб қолади. Улардан бири яқинларига озор етказиш. Бугунги суҳбатимиз айнан шу ҳақида бўлади. Болакайларни яхшилаб кузатган бўлсангиз, улар бирданига онасини тишлаб олиши, уриши ёки чимчилаб олиши мумкин. Бу ҳолат сизга ёқмайди, бироқ нима ҳам қилардик. Кичкина ширинтойни уриб бўладими?!

Аслида бу ҳолатга бепарво қараш мутлақо тўғри иш эмас. Одатда, бу ёшда воқеалар оила даврасида юз беради ва ҳали бошқа болаларга нисбатан қўлланилмайди. Нима қилиш керак? Энг аввало «мушт» еганингиздан кейин болага дарров бу оғриқли бўлганини ва у сизни уришини истамаслигингизни айтинг. Агар муштлар яна такрорланадиган бўлса, унинг қўлидан ушлаб қолишга ҳаракат қилинг. Бироқ бу пайтда бола қўлингизда бўлса, иккинчи уришдан сўнг бу сизга ёқмаслигини ва бундай шартларда у билан гаплашмаслигингизни айтиб, уни қўлингиздан туширинг. Шу тарзда сўзларга ҳаракатни улаган бўласиз ва бу билан сўзларнинг моҳиятини кўрсатасиз. Агар бола йиғласа, уни яна қўлга олиб, эркалаш мумкин. Ахир бизнинг вазифамиз жазолаш ва камситиш эмас, балки тушунтиришдир. Болани тўсаттан қўлингиздан тушириш билан эса, уни чиндан ҳам ҳафа қилган бўласиз.

Агар гўдакни қўлга олганингиздан кейин ҳам «мушт»лар такрорланса, уни пастга яна туширинг ва худди юқорида айтиб ўтганимиздек нима учун ерга туширганингизни тушунтиринг. Буни шундай тушунтирингки бола ўзи эмас, ҳатти-ҳаракати яхши эмаслигини аниқ тушунсин. Агар бола қўлингизда бўлмаса-чи? Бундай ҳолатда яна унинг қилган иши сизга ёқмаганини, бундай қилиши керак эмаслигини тушунтириб, ундан бироз узоқлашинг, бирга ўйнаётган бўлсангиз, ўйинни тўхтатинг. Агар болакай яқинларидан бирини оиланинг бошқа аъзолари олдида ҳафа қилса, ҳеч ким болакайнинг ёнини олмаслиги, аксинча жабрдийда томонида бўлиши керак. Шунда болакай қилган иши чиндан ҳам яхши эмаслигини аниқроқ тушуниб олади.

Бу ҳатти-ҳаракатларнинг барчасида изчиллик жуда муҳим. Яъни, агар онани уриш мумкин бўлмаса, демак уни на кундузи, на кечаси ва на кўчада, на уйда ва на бошқа вазиятларда уриш мумкин эмас. Одатда бундай муаммони ҳал этиш учун 2-3 ҳафта етарли бўлади. Кўпгина оналар боланинг бундай муштига жавобан кетларига тарсакилаб қўядилар. Бу нотўғри. Чунки болалар ота-онасининг ҳатти-ҳаракатидан намуна олади. Бу билан сиз болага «мушт» тушириш норозиликни ифодалашнинг ижозат этилган усули эканини кўрсатган бўласиз. Баъзилар эса фарзандларидан мушт егач, ўзларини йиғлаётгандай қилиб кўрсатадилар. Бу ҳам нотўғри. Буни спектакл эканини бола тез орада англаб қолиб, яна мушт туширишни истаб қолиши мумкин. Хуллас, сизнинг ҳам оилангизда ва қариндошлар орасида шундай ҳолат содир бўлса, бизнинг маслаҳатларимизга амал қилиб кўринг. Улар албатта фойда беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top