Narrator 1 Ассалому алайкум. Худованд сиз учун нима қилса ҳам ҳаммаси сизнинг яхшилигингиз ва фаровонлигингиз учун эканига ишонасизми? Агар яқин орада бирор кўнгилсизлик бўлиши муқаррар бўлган тақдирда ҳам, Унга ишонишда давом этасизми? Исроил халқи Худонинг ёрдамига ва ваъдасига муҳтож эди. Шунинг учун ҳам уларнинг ораларидан ҳамма лашкарбошилар, Кариёх ўғли Йўханон, Ҳўшайё ўғли Озариё ва каттаю кичик одам Еремиёнинг олдига бориб, шундай дедилар: “Илтимос, бир оғиз гапимизга қулоқ солинг. Эгангиз Худога биз учун ибодат қилинг, тирик қолганлар учун сўранг. Ўзингиз кўриб турибсиз, илгарилари биз ниҳоятда кўпчилик эдик, энди эса саноқли одам қолдик. Биз қаерга боришимизни, нима қилишимизни Эгангиз Худо бизга кўрсатсин.” Еремиё уларга деди: “Яхши, илтимосингизга биноан Эгамиз Худога ибодат қиламан”.
Narrator 2 У халқнинг илтимосига биноан, Худовандга илтижо қилишга ваъда берди. У шундай деди: “Эгамиз нимаики деса ҳаммасини сизларга айтаман, ҳеч нарсани сизлардан яширмайман.” Улар эса Еремиёга шундай дедилар: “Агар биз Эгангиз Худонинг сиз орқали айтган биронта сўзига риоя қилмасак, Унинг Ўзи орамизда адолатли ва садоқатли шоҳид бўлсин. Биз Эгамиз Худонинг ҳамма амрларига, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, итоат қиламиз. Эгамиз Худога итоат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади.” Орадан ўн кун ўтди. Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Еремиё Кариёх ўғли Йўханонни, лашкарбошиларни ва одамларнинг каттаю кичигини тўплаб, уларга шундай деди: — Мен илтимосингизга биноан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга илтижо қилдим. У менга шундай деди: “Энди шу юртда қолсангизларгина Мен сизларни барбод қилмайман, балки қайта бунёд этаман, қўпориб ташламайман, балки мустаҳкам ўрнаштираман.
Narrator 1 Эгамиз шундай деб айтди: “Бундан буён Бобил шоҳидан қўрқманглар. Мен сизлар билан биргаман. Шундай экан, ундан қўрқманглар. Ўзим сизларни қутқараман, унинг қўлидан озод қиламан. Мен сизларга раҳм–шафқат қиламан. Бобил шоҳи сизларга ачиниб, она юртингизга ўрнаштиради.” Аммо Эгангиз Худога бўйсунмай: “Бу ерда қолмаймиз. Мисрга кетамиз, у ерда уруш кўрмаймиз, бурғу садоларини эшитмаймиз, нонга зор бўлмаймиз, у ерда яшаймиз”, деб айтадиган бўлсангизлар, эй Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамизнинг сўзини эшитиб қўйинглар! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Агар сизлар Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишни қарор қилган бўлсангизлар, ўша ерга борганингизда ўзларингиз қўрқаётган урушга дуч келасизлар.
Narrator 2 Сизлар очарчиликдан қўрқяпсизлар, аммо очарчилик кетингиздан Мисрга эргашиб боради, у ерда нобуд бўласизлар. Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишга жазм қилган ҳар бир киши қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўлади. Ундай одамлардан биронтаси ҳам тирик қолмайди, Мен уларнинг бошларига келтирадиган кулфатдан ҳеч ким қочиб қутулмайди.” Эй, Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамиз сизларга Мисрга борманглар, деб айтди. Билиб қўйинглар, бугун мен сизларни огоҳлантириб қўйяпман, сизлар катта ҳато қиляпсизлар. Ўзларингиз мени Эгангиз Худонинг олдига жўнатиб: “Илтимос, Эгамиз Худога илтижо қил, Эгамиз Худо нима деса, ҳаммасини қиламиз”, деган эдингизлар. Эгангиз Худонинг менга айтган ҳамма сўзларини бугун сизларга айтдим, аммо сизлар Унинг айтган биронта сўзига итоат қилишни хоҳламаяпсизлар. Сизларга айтиб қўяй: бормоқчи бўлаётган жойингизда сизлар қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўласизлар.