MP3

Ассалому алайкум. Исо Масиҳнинг шогирди бўлиш, яна энг севимли шогирди ва яқин дўсти бўлиш қандай шараф. Бу шарафга Юҳанно лойиқ бўлган эди. У Исо Масиҳнинг бўласи, Яҳё пайғамбарнинг қариндоши бўлган. Ундан ташқари, у Исо Масиҳнинг болалигидаги дўсти бўлган бўлса ажаб эмас. Чунки кўпинча бўлалар бир-бирлари билан жуда яқин дўст бўлишади. Агар Каломни диққат қилиб ўқисангиз, Исо Масиҳ кўпинча уч шогирди билан бирга юрган. Бу уч шогирди унинг яқин дўсти ва ҳаворийлари бўлган. Улар орасида Юҳанно ҳам бор эди. Агар ўтган галги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, унинг қизиққон ва шиддатли табиати ҳақида айтиб ўтган эдик. Балки айнан мана шу табиати учун Исо Масиҳ унга «момақалдироқ ўғли», деб ном берган бўлса керак. Бундай табиатли одам ноҳақликка чидолмайди, ўзича ҳақиқат ўрнатмоқчи бўлади. Бундай табиатга эга бўлган одамнинг ўзига ҳам осон эмас.

Бироқ бу табиати кейинчалик ўзгарган. Исо Масиҳ билан бирга юриш, унинг ўгитлари, ва Худонинг қудрати билан у анча босиқ ва тажрибали инсонга айланган. Биласизми, ўз даврида у балиқчилик билан шуғулланадиган тадбиркор бўлган. Қизиққон феъл атворига қарамай, одамлар билан тил топишишга уста бўлган. Унинг бу табиатини Каломдаги бир оятдан билиш мумкин. «Юҳанно Исога: — Устоз! Сенинг номинг билан жин қувиб чиқараётган бир одамни кўриб қолдик. У биз билан юрмаяпти, деб унга буни ман қилдик, — деди» (Марк 9:38). Юҳанно Исо Масиҳнинг дўсти, қариндоши бўлишидан ташқари Унинг «севимли шогирди» бўлган. Унинг Исони севимли шогирди бўлишга лойиқ сифатлари бўлган бўлса керак.

Кейинчалик Юҳанно Петр билан бирга ўн икки ҳаворийни бошқаришади.

Уларнинг табиати мутлақо бир-бирига тўғри келмасди. Бирининг табиати олов бўлса, бошқаси сув эди. Шунга қарамай, иккиси Худо йўлида бирга хизмат қилишган. Характери мутлақо сизникига тўғри келмайдиган одам билан мулоқот қилиш қийин, аммо Юҳанно Петр билан бирга узоқ вақт хизмат қилган. Бундай одам кўп яхши сифатларга эга бўлган бўлиши керак.

У ўзига тўқ бизнесмен бўлгани учун унинг Кафарнаҳумда ҳам Қуддусда ҳам уйи бўлган. Маълумотларга қараганда, у бир неча йил Қуддусдаги уйида яшаган ва Исо Масиҳнинг онасини, яъни холасини ҳам ўзи билан бирга олиб кетган. Исо Масиҳнинг охирги буйруғи шу эди. У умрининг охирги йилларини Эфесда ўтказган.

Эфесга келгунича қаерда яшагани ёки нима иш билан шуғуллангани ҳақида маълумот йўқ. Аммо Исонинг шогирди сифатида тинч ўтирмаган бўлса керак. Эфесга келганида анчагина қариб қолган ва ўша ерда Юҳанно хушхабарини, учта мактубни ва Ваҳий китобини ёзган. Хушхабарни у тахминан 90 йилларда ёзган. Баъзилар Юҳанно хушхабарининг қадимги яҳудий тилида ёзилганига қараб уни анча олдин Исо Масиҳнинг осмонга олинишидан ва Юҳаннонинг Қуддусга кўчиб бориши даврида ёзилган, деб хисоблашади. Юҳанно хушхабари Исо Масиҳнинг ишларидан кўра айтган сўзларига кўпроқ эътибор қаратади. Чунки Юҳанно Исо билан бирга кўпроқ бирга бўлган, ва деярли ҳамма сўзларини ёддан биларди. Агар сиз Юҳанно каби шахсларнинг ҳаёти билан қизиқсангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com манзилимизга мурожаат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top