3:29

Топганларим

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун бир инсоннинг Худони таниганидан кейин бошидан кечирганлари ва топганлари ҳақидаги гувоҳликни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Мен Яқин Шарқдаги бир мусулмон мамлакатида туғилиб ўсганман. Жуда кучли мусулмон жамиятида яшашимга қарамай оиламиз эркин мусулмон оиласи эди. Онам исломнинг суфизм мазҳабига муҳаббат қўйган аёл эдилар, шу сабабли менинг исломий тарбиям ҳам алоҳида ўзига хос эди. Шунинг учун замонавий ислом ҳаракатининг ҳар бир жиҳати бўйича шахсий тажрибага эга эдим.  Мен шахсан ўзимни унчалик диндор одам, деб ҳисобламасдим. Лекин барибир, бу вақтлар давомида исломга бўлган эътиқодимга нисбатан менда ҳеч қачон шубҳа ёки иккиланиш бўлмаган. Мен исломни юксак идеалли дин деб ўйлардим, ўзимни эса муносиб мусулмон эмасман, деб ҳисоблардим. Бироқ исломни Худонинг инсоният учун берган энг охирги ва энг мукаммал дини, Қуръонни Худонинг сўнгги очиқлиги, деб чин юрагимдан ишонардим. 

Narrator 2 Мен бошқа динларга айниқса, масиҳийликка пастроқ назар билан қарардим. Уларнинг асоси бир хил бўлиб, битта Худодан келиб чиқишига қарамай, уларни исломдан пастроқ деб ҳисоблардим, чунки уларнинг асосчи-пайғамбарларининг асл мактублари қайсидир даражада ўзгартирилган, мусулмонлар эса бу нарсани қилмаганлар, деб ўйлардим. Юртимда фуқаролар ўртасидаги тартибсизликлар кучайиб кетиши сабабли ўқишимни давом эттириш учун Европага кетдим. Худо насиб этиб ва баъзи шароитлар туфайли Халқаро Масиҳийлар Мактабига ўқишга жойлашдим. Бир куни ўқитувчимга берган саволим туфайли менинг дунёқарашим ўзгариб кетди. “Қандай қилиб сиздаги Худонинг Каломи бир нарсани айтса, биздаги Худонинг Каломи эса бошқа нарсани айтади?”- деб сўраганимда, ўқитувчимиз: “Ҳақиқатни қидириб топиш керак”, – дедилар. Бу жавобдан ҳангу манг бўлиб қолдим.

Narrator 1 Мен шунақа оламда яшаган эдимки, бу жойда ҳамма Қуръоннинг Худо томонидан Муҳаммад пайғамбарга айтиб туриб ёздирилганига сўзсиз ишонардилар. Ҳеч кимда бу ҳақда бирор шубҳа ҳам бўлмаган. Шу кичкина воқеа менинг диний изланишларимни бошлашга, масиҳий дўстларим билан нима тўғри-ю, нима нотўғрилиги ҳақида, масиҳийлик имони ҳақида соатлаб давом этган баҳсларни бошлашга ундади.  Деярли бошқа ҳамма мусулмонлар каби мен ҳам масиҳийларнинг Исо Масиҳ ҳақида айтган гапларига дастлаб жуда қаттиқ ҳайратга тушдим. Булар менга фақат оддий куфргина эмас, балки ақлга сиғмас бемаънилик бўлиб ҳам туюлди. Қандай қилиб бошида ақли бор одам Худонинг ҳурматли пайғамбари ҳақида шундай гапларга ишониши мумкин? Лекин дўстларим билан ўртамизда жуда катта теологик фарқ борлигига қарамасдан, уларнинг ҳаётида ва эътиқодида менинг диққатимни тортадиган бир нарса бор эди. Уларнинг Худо билан ва бошқа одамлар билан муносабатида мен олдин ҳеч кўрмаган самимийлик бор эди. 

Narrator 2 Шунинг учун уларга доим: “Мен сизнинг эътиқодингизни нотўғри демоқчи эмасман, лекин қандайдир ўзаро муросага келишни хоҳлайман, шунда мен ҳам ислом динида, сиз ҳам ўз имонингизда давом этаверасиз”, — дердим. Лекин нима бўлганда ҳам уларнинг Исо ҳақидаги гапларини Исо пайғамбарнинг Ўзи ҳеч қачон айтмаганлигига шубҳам йўқ эди. Менинг масиҳийликни тушунишдаги қийинчиликларим ислом билан масиҳийликни ажратган тарих йўллари билан қаттиқ боғланган эди. Мен Инжилдаги ҳужжатларнинг, айниқса, Исонинг гаплари ёзилган  жойларининг ишончли эканига ҳеч қанақасига ишонолмасдим” – дейди биродар. Унинг гувоҳлиги нима билан тугашини кейинги суҳбатимиздан билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top