Ассалому алайкум. Фарзандларингизнинг орасидан қил ҳам ўтмайди. Улар яхши дўст ва албатта бир-бирларини қўллаган ва ҳимоя қилган ҳолда, ҳаётда ҳар доим бирга бўладилар. Идеал оилавий ҳаёт манзараси тўғрими? Агар оилада биттадан ортиқ фарзанд бўлса ва улар билан уйингиз жанг майдонини эслатса-чи?
Болага ҳар доим ота-онаси бошқа фарзандларини унга қараганда кўпроқ яхши кўрадигандек туюлади. Агар фарзандларингиз сизнинг эътиборингиз учун рақобатлашаётган бўлса, унда «эркатойингиз» ўзбошимча бўлиб кетиши ва ўзининг устунлигини намойиш этиши мумкин. Иккинчи фарзандингиз ёки қолган болаларингиз эътибор етишмаслигини оғир қабул қилишлари ҳамда мактабдаги баҳолари, яхши хулқи билан мақтовингизни қозониш учун анча ҳаракат қилишлари мумкин.
Аммо барибир қалбларининг тубида сиздан ҳафа бўладилар. Балки бир умрга «яхши кўрилмаган» бола ҳиссини ҳам сақлаб қолишар. Бундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак? Ҳар бир фарзандингизга бир хил вақт ажратинг. Ҳар бирини мақтанг, бир хил тарзда жазоланг ва танқид қилинг. Балки, сиз ҳақиқатдан ҳам яхши ниятлар билан фарзандингизнинг бирортасига нисбатан ҳаддан ташқари қаттиққўлдирсиз, балки кимнингдир шўхликларига эътибор қилмаётгандирсиз? Шу ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб ўзингизни текшириб кўринг. Ëши улғайган ака-ука ва опа-сингиллар ҳаётда бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнашаётганини кўрган бўлсангиз керак. Улардан биттаси университетни қизил дипломга тугатган, бошқаси унга ўгирилиб қараб бор кучини бериб ўқияпти. Яна биттаси амал поғонасидан кўтарилмоқда, иккинчиси ҳам ундан қолишмаяпти, тез орада ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин.
Ака-укалар ва опа-сингиллар мусобақаси – каттароқ ютуқларга эришиш учун табиий ва умуман олганда ижобий рағбатдир. Конструктив рағбатни қувватлаб туриш мумкин ва керак. Фақат у чегарадан чиқиб кетмаслиги лозим. Агар эҳтирослар жунбушга келаётган бўлса, рақибларнинг ҳовурини босинг. Баъзи ҳолатларда ҳар бир фарзандингизга ҳаётда ўз йўлини топишга ёрдам бериш керак бўлади. Бошқа ҳолатларда эса фақат болалар руҳшуноси ёрдам бериши мумкин. «Фалончидан намуна ол, у аълочи» деган насиҳатлар билан сунъий рақобат муҳитини яратманг. Болаларни бир-бирига солиштирманг ва агар фарзандингиз «Фалончиники каби» натижаларга эришиш учун етарлича ҳаракат қилмаган бўлса ҳеч қачон таъна қилманг. Фарзандингизнинг камчиликларини тўғриланг. Аммо уни борича қабул қилиб, ҳеч қандай шартсиз севинг.
Оилада ўғил ва қиз орасидаги фарқ қанча кичик бўлса, улар орасидаги қарама-қаршилик шунчалик жиддий бўлиши мумкин. Қизингиз мушт ейиши, кейин эса қасос режасини тузиб қўйиши мумкин. Ўғлингиз эса ўзининг жисмоний устунлигини намойиш этган ҳолда ҳеч қандай айбдорлик ҳиссини туймайди. Ака ва сингил ўртасидаги муносабатлар бу биринчи навбатда эркак ва аёл муносабатларидир. Ўғлингизни ўз вақтида атрофидаги аёлларни ҳурмат қилиш ва асрашга, улар ҳақида қайғуришга ва ўзини ҳақиқий эркаклардай тутишга ўргатиш ўзингизнинг қўлингизда. Шу билан бирга қизингизни ўзини эркакларнинг ғамхўрлигидан олиб қочмайдиган ва атрофидаги ишончли эркакларга ҳар доим суяниши мумкинлигини биладиган аёлдай тутишга ўргатиш ҳам ўз қўлингизда.