Narrator 1 Ассалому алайкум. Агар ўйлаб қарасангиз табиатда инсон учун фойдали бўлмаган дарахтнинг ўзи йўқ. Бугун қишларимизни безайдиган арчалар ҳақида сўз юритишни маъқул топдик. Тоғларимизнинг бебаҳо зийнатларидан бири ҳисобланган ям-яшил арчазорлар ўзининг манзарали кўриниши билан бошқа дарахтлардан фарқланиб туради. Чиройли садаси, хушбўй ҳиди, қаттиқ ёғочи бу дарахт турларининг беназир эканлигидан далолатдир. Кўпчилик бу дарахтнинг шифобахш хусусиятини, инсон ҳаёти учун нечоғлик фойдалилигини билавермаса керак. Табобатда арчадан яра-чақани тузатадиган малҳам тайёрланган. Ёғочидан қалам тайёрланса, тана шохларидан ёғ олинади, донидан ажратиб олинган эритма сийдик ҳайдовчи дори-дармон сифатида тиббиётда кенг ишлатилади.
Narrator 2 Бундан ташқари, арчаларнинг ҳидли, ширин қуббаларидан фармацевтика саноатида кенг фойдаланилади. Арча қуббаларида смолалар, 40-60 фоиз қанд, олма, чумоли ва сирка кислоталари борлиги олимлар томонидан аниқланган. Арча қуббалари яраларни тузатишда, ундан тайёрланган дамлама эса, йўтал, балғам кўчириш, оғриқ қолдириш, сийдик ҳайдовчи, ревматизмни даволашда ва микробларнинг кўпайиб кетишини камайтирувчи дизенфекция қилувчи восита сифатида қўлланилишини, улардан “арча бальзами” олиниши аллақачон олимларимиз томонидан аниқланган. Ундан олинадиган сақич эса оғиздаги нохуш ҳидни йўқотади. Уларнинг айнан кўпчиликка хуш ёқувчи хидлари инсон нафас йўлларини ҳам тозалашга хизмат қилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, баъзи касалликлар ароматерапия билан даволанади. Арчалардан олинадиган мойлар эса юқоридаги терапияда жуда фойдали.
Narrator 1 Арча дарахти ажратиб чиқарган хушбўй ҳидлар, ҳаводаги заҳарли микробларга қарши курашади. Бир гектар тоғ арчазори 30 тонна кислород ишлаб чиқариши, ундан инсон бир неча йил мобайнида нафас олиш мумкин эканлиги манбаларда ўз исботини топган. Арча кўп бўлган жой атрофида албатта оби ҳаёт ҳамиша мавжуд. Шу боис ҳам халқимиз: “Тоғда арчанг бўлса, сайлингда сув бўлади”, дея бежиз айтмаган. Арчалар фақат биз юқорида санаб ўтган хислатлари билангина кифояланиб қолмайди. Арчалар ер ости сувини меъёрида тутиб турувчи хазинабон ва “мироб”лик вазифасини ҳам ўтар экан. Бир гектар майдонга экилган арча атрофидаги 20 гектар майдондаги намликни меъёрида сақлаб тура олади ва тоғ бағрида ўсувчи буталар, турли ўт-ўланларни сувдан баҳраманд этиб, даҳшатли ўприлиш, сел оқими каби хавф-хатарларнинг ҳам олдини олади.
Narrator 2 Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир гектар тоғ арчазори 30 тонна кислород ишлаб чиқариб, ундан 19 нафар инсон бир йил мобайнида нафас олиши мумкин. Яна шуни алоҳида айтиш жоизки, арчаларнинг хили ва турлари бисёр. Айниқса, игнабарглилар турига кирувчи қора арча юртимизда жуда кўп ўсади. У атроф муҳитни тозалаши, доимо кўм-кўк бўлиб туриши нафақат тоғу даштларга, балки шаҳар-қишлоқларимиз, маҳалла-гузарларимиз кўркига-кўрк қўшади. Бу арчаларнинг юртимизда 40-50 тури бўлиб, улар бизнинг иқлимга яхши мослашган. Совуққа ва иссиққа ўта чидамли. Арчанинг яна бир фойдали хусусиятларидан бири атроф-муҳитни ўзи ишлаб чиқарган фитонцидлар билан таъминлаб, уни ниҳоятда тоза сақлаб туришидир. Шунинг учун ҳар бир ҳовлида ва боғларимизда ҳам арчалар бўлса, ҳавони ва атроф мухитни тозалашга катта ҳисса қўшган бўламиз. Бизни тинглашда давом этинг ва албатта www.dilkashradio.com сайтимизга ҳам ташриф буюришни унутманг.