Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсонлар нега айнан мумкин эмас ва зарарли бўлган нарсаларга қизиқишаркин? Жуда кўпчилик зарарли одатларининг қай даражада соғлиғига таъсирини билса ҳам ундан воз кечмайди. Бугун ўшандай зарарли нарсалар ҳақида олимлар фикрини тинглаймиз. АҚШнинг Жанубий Калифорния университети олимлари агар ўсмир бола кун давомида камида бир шиша газланган ширин ичимлик истеъмол қилса, у хотира заифлашиши ва ўқишга ҳафсаласизлик каби муаммоларга дуч келиши мумкин, дея таъкидлашмоқда. Инсон организмига ширин ичимликлар билан келиб тушадиган қандли углеводлар метаболик бузилишларга сабаб бўлиши аввалдан маълум эди. Навбатдаги тадқиқотлар давомида олимлар ширин ичимликлар мия фаолиятига ҳам салбий таъсир этишини аниқлашди. Унинг натижасида мия эслаб қолиш ва нормал фаолият юритиш қобилиятини йўқота боради.
Narrator 2Бу кўпроқ ўсмирлик даврида газланган ширин ичимликларни кўп истеъмол қилиш оқибатида юз беради. Мутахассисларнинг фикрича, 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун газланган ичимликнинг хавфсиз миқдори йўқ. Уларнинг кундалик овқатланиш тартибида энг катта шакар манбаи айнан ширин ичимликлар ҳисобланади. Шу сабабдан болаларга газланган ичимликлардан узоқроқ бўлишлари тавсия этилади. АҚШнинг Бостон университети олимлари меъёрида истеъмол қилинган кофе оғиз бўшлиғи ва милк яллиғланиши ҳамда тишнинг турли касалликлари, хусусан парадонтдан ҳимоя қилади, дея таъкидлашмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кофенинг ҳимоя воситаси сифатида ундаги антиоксидантларни эътироф этиш мумкин. Шу билан бирга кофе тишларни сарғайтириш ва оғиз бўшлиғидан нохуш ҳид келишига сабаб бўлиши ҳам маълум. Лекин энди унинг оғиз бўшлиғини ҳимоя қилиш хусусияти ҳам аниқланди.
Narrator 1 Тадқиқотларда минг нафардан ортиқ 30 ёшгача бўлган кўнгилли эркак иштирок этди. Маълум бўлишича, кунига бир финжон ёки ундан кўпроқ кофе истеъмол қилган инсонларда тишнинг эмал қавати емирилиши ҳолати камаяди. Швециялик олимлар дунёда биринчи бўлиб нос таркибини аниқлади, дея хабар бермоқда қатор интернет нашрлари. Аввалроқ Қозоғистон олимлари шу пайтгача таркиби ўрганилмаган ушбу маҳсулотни тўлиқ таҳлил қилишга киришган. Бироқ, мамлакатдаги лабораториялар бундай экспертиза ўтказиш имкониятига эга бўлмаган. Шу боис Қозоғистонда тайёрланган нос намунаси Стокгольмдаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лабораториясига жўнатилади. Швециялик олимлар носда хром, никель, кадмий, қўрғошин ва маргимуш моддалари борлигини, ушбу моддаларнинг барчаси мумкин бўлган миқдордан ортиқ эканлигини аниқлади. Чунончи, никель меъёрдан 5,1 марта, хром – 17 марта, қўрғошин 38 марта кўп бўлган. Маргимуш эса чайналадиган тамаки таркибида умуман бўлмаслиги керак.
Narrator 2 Шунингдек, носнинг қўлда, санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда тайёрланганидан дарак берувчи турли касаллик қўзғатувчи микроблар топилди. Бундан ташқари, нос таркибидаги тамакида саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар миқдори меъёрдан тўрт марта ортиқ эканлиги аниқланган. Бундай моддаларнинг шаклланишига имкон яратувчи нитритионлар эса мумкин бўлган миқдордан 91 марта кўп эканлиги маълум бўлди. Ушбу натижалар орқали тадқиқотчилар Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда нос сотишни таъқиқлаш мақсадга мувофиқ бўлади, деган хулосага келишди. Мана сизга газли ичимлик ва носнинг зарарлари. Шуни билгандан кейин, нимани истеъмол қилиш ва қилмаслик ўзингизга боғлиқ.