3:38

Биологик қўшимчалар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ҳозир ҳар хил турдаги бир-биридан тотли озуқалар кўпки, уларнинг қанчалик даражада табиий ёки табиий эмаслигини билмаймиз ҳам. Негаки, озуқа сўзи ёнида доим билогик фаол қўшимчалар деган сўзларни эшитасиз. Булар нима? Келинг, бугун шу ҳақида сухбатлашамиз. Аслида тўқима ва ҳужайралар умр давомида тўхтовсиз янгиланиб туради. Хўш, бу нима ҳисобига рўй беради? Маълумки, инсон овқат истеъмол қилганида организми зарур моддалар билан таъминланади. Шу моддалардан айримлари масалан, оқсиллар бевосита янги ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши ёки улар таркибидаги айрим қисмларнинг янгиланиши учун хизмат қилади. Одамнинг ўсиб улғайишида оқсиллар муҳим рол ўйнайди. Углеводлар инсон организмига тушгач, унинг ҳаракатлари учун керакли миқдорда энергия беради. Хуллас, овқат билан организмга тушадиган озиқ моддалар кишининг ёши, меҳнат қобилияти, у яшайдиган ҳудуддаги об-ҳаво шароитларига қараб бир неча граммдан бир неча юз граммгача қабул қилинади.

Narrator 2 Улар макронутриентлар, йирик озиқ моддалар деб аталади. Биз истеъмол қиладиган озиқ моддалар таркибида шундайлари ҳам борки, гарчи ҳужайрага тўғридан-тўғри кириб энергия бериб турмаса ҳам барибир қабул қилиб турилиши шарт. Чунки улар танадаги моддалар ва энергия алмашинувида фаол қатнашади, иммун тизими ишини фаоллаштириб касалликларнинг олдини олади, барча биологик суюқликлар таркибига кириб ҳаёт учун муҳим вазифаларни бажаради. Ушбу гуруҳга кирадиган озиқ моддаларга эҳтиёж жуда кам бўлганлиги, уларнинг миллиграммлар ва ҳатто миллиграммларнинг мингдан бир улушлари билан ўлчанганлиги боис микронутриентлар деб юритилади. Хўш бу нарсалар бизга қай даражада мухим? Айтиш жоизки витаминлар, минерал моддалар ҳамда кўпгина биологик фаол бирикмалар микронутриентлардир, Уларнинг озиқ моддаларда учрамаслиги ҳаётий жараёнлар бузилиши ва бир қанча ҳасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Narrator 1 Кўп ҳолларда микронутриентларнинг фойдалилик хусусиятига эътибор берилмайди. Бунинг сабаби шундаки, кишиларимиз аксарият ҳолларда нон, макарон, шакар, гўшт, ёғлар еб турилса кифоя қилади, деб ўйлашади. Ваҳоланки, организм учун полиз маҳсулотлари, кўкатлар ҳамда мева-чевалар ҳам жуда-жуда зарур. Улар кундалик овқатларга қўшиб истеъмол қилинса, организмда микронутриентларга нисбатан танқислик кузатилмаслиги мумкин. Лекин масаланинг бошқа жиҳатиям бор. Мева-сабзавотларнинг дастурхонда кам бўлиши, шунингдек кундалик таомларни юқори иссиқликда қайнатиш, кучли қовуриш, консерва ҳолида ейиш, ҳатто овқат пиширишда микротўлқинли мосламадан фойдаланиш баъзан кутилган натижани бермайди. Бундай қилинганда масаллиқ ва маҳсулотларнинг табиий холдаги витаминлари ҳамда биологик фаол моддалари ниҳоят даражада камайиб кетади.

Narrator 2 Демак, эндигина узилган мева-чеваларни, янги полиз маҳсулотларини доимий равишда асосий таомлар билан биргаликда истеъмол қилиб туриш керак. Масалан, ҳомиладор ва эмизикли аёллар соғлом хотин-қизларга нисбатан микронутриентларга кўпроқ эҳтиёж сезадилар. Шунингдек спортчилар, оғир қўл меҳнатини бажарувчилар, ўсиш ёшидаги болалар, касалликдан эндигина турган одамларда ҳам худди шундай ҳолат рўй беради. Ёшларда ўсиш ва ривожланиш кучли бўлганлиги боис улар организми қўшимча озиқ моддаларни кўп талаб қилади. Боз устига шу нарса ҳам аниқки, ҳозирги экологик ноқулай об-ҳаво шароитида етиштирилаётган аксарият ўсимлик маҳсулотлари таркибида биз учун фойдали бўлган микронутриентлар сезиларли даражада камайиб кетган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top