Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар! Сиз азиз мухлисларимиз билан яна радио тўлқинларимиз орқали соғ-саломатликда дийдор учрашганимиздан хурсандмиз. Азизлар, умид қиламизки, эшиттиришларимиз сиз азизларга манзур бўлмоқда. Марҳамат, тингланг: навбатдаги эшиттиришмиз ҳам сизлар учун тайёрланди.
Азизлар, Рим шимолий Африка ҳамда Испанияни қўлга киритганни бизга яхши маълум. Ўша йилнинг ўзида римликлар Коринфни забт этиб, Ахаяни Рим провинциясига айлантиришган. Ундан аввалроқ эса, Македония Рим провинциясига айланган эди. Милоддан аввалги 133 йилда, Пергам шоҳи Оттолий учинчи ўлимидан олдин ўзига тегишли ерлар бошқарувини Римга васият қилиб кетади.
Шундан сўнг, ўша ерда Асия провинцияси шакллантирилган. Кичик Осиёнинг шарқидаги урушларда Помпей зафар қучиб, Понт ва Кавказни қўлга киритишга эришади. Милоддан аввалги 63 йилда, у Сурияни Рим провинциясига айлантириб, Яҳудияни ҳам босиб олган.
Гай Юлий Цезарнинг милоддан аввалги 58 ёки 57 йилларда галл қабилалари билан бўлган машҳур жанглари натижасида, Галлия ҳам Рим давлатининг бир қисмига айланади. Шундай қилиб, беш юз йил мобайнида тинимсиз урушлар олиб бориш жараёнида Рим Тибр бўйидаги кичик бир қишлоқдан баҳайбат империяга айланган. Ҳудуднинг бу қадар тез суръатда кенгайиши Рим халқининг ҳаётига жиддий ўзгаришлар олиб келган.
Ҳокимликка иштиёқи ошган ҳарбий йўлбошчилар ўз армияларидан, нафақат бегона ўлкаларни босиб олиш, балки Римнинг ўзида ўз шахсий ҳукуматини ўрнатиш йўлида ҳам фойдаланмоқчи бўлишган. Коринфнинг қўлга киритилиши билан Юлий Цезар ўлими орасидаги юз йил вақт мобайнида кетма-кет юз берган фуқаролар урушини қайд этиш мумкин.
Марий, Сулла, Цезарь, Антоний, Октавианлар, бирин-кетин қурол кучи билан Римдаги ҳокимиятни эгалламоқчи бўлишган, пировард натижада эса, сенат томонидан Август номини олган Октавиан ўз ғанимларини бир ёқлик қилиб, милоддан аввалги 30 йилда Римнинг дастлабки императорига айланган. Унинг бошқаруви остида узоқ давом этган ғалаёнлар ва фуқаролар урушига чек қўйилди.
Август давлат тузумини ишонч билан ислоҳ қилиб, Римга тобе бўлган улкан ҳудудлар идорасини бир маромга келтиришга эришди. Августнинг ўзи мамлакатнинг биринчи фуқароси мақомини олган эди. У яратган сиёсий тузумни, мос равишда, принципат деб аташ қабул қилинган. Унинг моҳияти шундан иборат эдики, принцепснинг мустабид ҳокимлиги пайтида республикага оид барча тартиб-қоидалар сақлаб қолинарди.
Бу йўл билан эски республика тузуми ва унинг ўрнига келган ҳамда Юлий Цезарь ёқлаган диктаторлик ўртасида муроса кўчаси танланган эди. Шунинг билан азиз мухлислар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, албатта ушбу сайтимиздан бемалол фойдаланишингиз мумкин. Хайр саломат бўлинг.