2:46

Гўдак йўқолиб қолса…

MP3

Ассалому алайкум. Оналар фарзандларини кўз қорачиқларидай асрайдилар. Унга гард юқтирмай олиб юрадилар. Бироқ болалар биз ўйлагандан ҳам қизиқувчан ва тиниб тинчимас бўладилар. Улар билан бозор ва дўконлар айланишни катта ташвишли иш дейиш мумкин. Ëдимда, жуда кичиклигимда отам билан шаҳардаги энг катта бир неча қаватли дўконга кирганмиз. Ўша ерда отамнинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетиб, кўзимга ёқимлироқ ва қизиқарлироқ бўлган томонга кетиб, сўнг отамни тополмай қолгандим. Отам мени, мен эса отамни қидирганман. Уч қаватли одамларга тўла бинодан кичкинагина қизалоқни топиш осон бўлмаган. Ҳеч ким фарзандини йўқотиб қўймасин. Бироқ мабодо, шундай ҳолат содир бўлса оналар нима қилиши мумкинлигини билишадими? Шундай ҳолатда нима қилиш керак? Бу саволга жавобни ота-оналар ҳам фарзандларнинг ўзлари ҳам билишлари керак.

Ҳар бир она ўз фарзандини кичиклигидан, кутилмаган вазиятга тушиб қолса, кимга мурожаат қилишини ўргатиб боради. Болалар йўқолиб қолганларида ўзларини қандай тутишларини билишлари учун, уйда худди шундай вазиятларни ўйин тарзида юзага келтиринг. Йўқолиб қолганида маълум муддат турган жойидан қўзғалмаслик кераклигини, ўшанда сиз уни топиб олишингиз осон бўлишини фарзандингизни тушунтиринг. Агар узоқ вақт ўтиб кетиб ҳам ота-онасини топа олмаса, айниқса бу савдо марказида юз берса, гўдак дўкон хизматчисига ёки кўчадан ўтаётган бирор кишига мурожаат қилиши мумкин. Кўчадан ўтаётган ҳар қандай кишига ҳам ишониб бўлмайди. Шунинг учун болакайга шундай ҳолат юз берса, ўтиб кетаётган бошқа бир онага мурожаат қилишини тушунтиринг.

Савдо марказига келганида агар бир-бирингизни назардан қочирган ҳолатда фарзандингизга учрашув жойини ўзи мустақил танлашини таклиф этинг. Булар болалар майдончаси, фаввора, яхмалак учиш майдони, қаҳвахона, ёрқин витринали дўкон бўлиши мумкин. Маълумотлар хонасида учрашиш ҳақида келишмаганингиз маъқул. Чунки уни кўпгина шоппинг-марказларида ҳатто катталар ҳам қийинчилик билан топишади. Мутахассислар болани қўрқинчли «милиционер амаки», «бегона ҳола» билан қўрқитишни маслаҳат бермайдилар. Акс ҳолда гўдак ёлғиз қолганида формадаги инсонларга ҳам, ўткинчи йўловчиларга ҳам ёрдам сўраб мурожаат қила олмайди. Бегона инсонлар олдидаги қўрқувни йўқотиш учун болангизга сизнинг иштирокингизда дўкон қўриқчисидан нимадир, масалан қаҳвахона ёки фонтан қаерда эканлигини сўрашни таклиф этинг.

Агар гўдак кўчанинг қаеридадир йўқолиб қолгудек бўлса, ёрдам сўраб исталган ташкилотга – дўкон, дорихона, кинотеатр, поликлиникага мурожаат қилиши мумкинлигини билиши керак. Ҳеч қачон онасига ёки отасига телефон қилиш учун бегона кишиларнинг уйларига кириши мумкин эмас. Кўп ҳолларда оналар болаларига кичиклигиданоқ ўз уйларининг адресларини, телефон рақамларини ўргатадилар. Бу жуда ақлли иш. Тасодифан болакай уйини топа олмай қолса, бошқа ҳолалар ёки яхши амакилар ёрдамида уй манзили ёки телефон рақамини айтиб осонгина топиб олади. Ҳеч қачон сиз билан бундай ҳодисалар содир бўлмасин. Аммо ҳар эҳтимолдан юқоридаги тавсияларимизга олдиндан амал қилиб қўйганингиз яхши.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top