Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз.
Афсус, баъзи одамлар ибодатни фақат қийин вазиятларда эхтиёт шарт қилиниб қўйиши керак бўлган нарсадек билишади. Улар учун ибодат, қўлдан бошқа хеч нарса келмагандагина керак бўлган нарса бўлиб қолади. Ростини айтинг, сизда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар бўлганми? Охиригача ўз кучингизга ишониб бирон бир ишни тугатишга харакат қилганмисиз? Ишлар яхши ва текис кетаётганида ибодат қилиш ҳатто хаёлга ҳам келмайди. “Маълум бир иш ўзимнинг ҳам қўлимдан келганида Худони безовта қилиб нима қиламан?”, деймиз. Бундай йўл билан фикрлаш биз инсонлар учун табиий холдир.
Чунки биз, ўзимизнинг етуклигимизга ишонамиз ва катта ишонч билан хаёт қадамларини босамиз. Ўзимизга ишониб хаёт кечирар эканмиз, биз албатта ўзимизни омадли ва қўлидан кўп иш келадиган одамдек фикр юритамиз. Лекин бундай ўз-ўзига ишониш туйғуси, бошимизга кулфат ёки муаммолар тошқинига тушиб қолганимиздагина ғойиб бўлади. Бунга анчагина мисоллар келтириш мумкин. Масалан, пулимиз тугаб қолди, ишҳонада ишлар чатоқ, докторлар бизга қўрқинчли касалликни топишди, тепадаги қўшнилар сув тошириб, уйнинг ремонтини бир тийин қилди, хуллас бу рўйхатни эртагача давом эттириш мумкин.
Бундай вазиятларда биз худди энди туғилган чақалоқ каби яланғоч бўлиб қоламиз. Кучсизлигимиз мана энди намоён бўлиб қолди. Мана энди кучсизлигимиз нафақат ўзимизга, балки, атрофдагиларга ҳам очиқ ойдин бўлиб қолди. Шунда биз, Худони эслаймиз. Яратувчимизга ибодат қилиш кераклиги ёдимизга тушади. Хўш, шундай экан, шунча вақт кутишнинг нима кераги бор эди? Нахотки, ибодат фақат эхтиёт шарт қилиниши керак бўлган нарса бўлса? Худди машинамизнинг бензини тугаб йўл ўртасида қолиб кетганимизда, баклажкадан бензин қуйишга ўхшаган нарсами? Нахотки шундай бўлса? Хазрати Исонинг хаётининг маъноси ва қудрати, унинг ибодатга бўлган муносабатидир. Масиҳ учун, ибодат ҳеч қачон “авария вазиятида фойдаланиладиган эшик” бўлмаган. Аксинча, хазрати Исо учун, ибодат чиқиш керак бўлган асосий эшик, аниқроғи дарвоза бўлган.
Бу дарвозадан кириб-чиқиш хазрат учун табиий усул бўлганлиги ҳақиқат. Тинч пайтларда ибодат Масиҳнинг Руҳини қўллаб қувватлар эди, қийинчилик пайти келганида эса ибодат Унга куч ато этар эди. Хазрати Исо, қийинчилик эшик тақиллатганида эмас, аксинча, У тинмай ибодат қилиб келган. Унинг бутун ҳаёти ибодатга боғлиқ бўлган. Бошқача сўз билан айтадиган бўлсак, Унинг ҳаёти Худога, Унинг Осмондаги Отасига боғлиқ бўлган. Чунки Ўғил Отасиз ҳеч нарса қила олмаган. Биз ҳам, ибодатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Ибодатга бўлган муносабатимизни ўзгартирмасак эса, биз самимий ва юрак тубидан ибодат қила олмаймиз. Эсингизда бўлсин, Раббимиз Исо учун ибодат эхтиёт шарт қилинадиган иш бўлмаган, аксинча, ибодат хаёт мазмуни, нафас олишдек зарур нарса бўлган. Азизлар, бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.