4:20

Худо Мени Ўзи Топди

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Болалигимдан бошлаб, дин ва Оллоҳ билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсалар мени ўзига тортар, шу билан бирга мени қўрқувга соларди. Катталар, айниқса чоллар айтадиган ўлганларнинг арвоҳи, шайтоннинг ҳийлалари ва Оллоҳ ҳақидаги ҳикояларни диққат билан эшитардим. Эшитганларимнинг ҳаммасини ҳам яхши тушунмасдим, шунинг учун вақти келиб кимдир ҳамма нарсани менга тушунтириб беришини орзу қилардим. Мактабда ўқиётганимда, худди бошқа мактаблардагидек, атеистик тарбия олдим. Лекин барибир юрагимда Худога, Уни билишга интилиш ўсиб борарди. Ҳеч кимга билдирмасдан Қуръон қидириб топдим ва уни рус тилида ўқий бошладим, чунки ўша пайтда у ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган эди, арабчани эса билмасдим. Арабча ёзилган дуоларни ёдлай бошладим, Ислом динининг ҳамма қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қилардим, “қайта қуриш” сиёсатидан кейин биринчилардан бўлиб ҳажга бордим. Ҳар куни Оллоҳдан Унинг иноятини сўрардим ва Оллоҳга муносиб қул бўлишга, гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилардим. Лекин шунга қарамасдан, истакларимга қарши ўлароқ, ярамас ишларни ҳам қилиб қўярдим: одамлар билан жанжаллашардим, баъзан ёлғон гапирардим, ўғирлик қилиб қўйган пайтларим ҳам бўлган. Қанчалик кўпроқ яхши бўлишга интилсам, шунчалик кўп тубанлашардим. Юрагимда ором йўқ эди. “Ҳеч қачон Худога ёқа олмайман. Унга муносиб бўла олмайман. Ҳамма ҳаракатларим бекор, ҳеч қачон жаннатга киролмасам керак”, деган фикрлар мени доим эзарди. Баъзида мен чуқур соғинч ва интизорлик билан осмонга тикилганча, мени яратган ва мендан бутунлай узоқлашиб кетган Тангрига хитоб қилардим. – Эй Оллоҳ, наҳотки мен дўзахда ёниш учун туғилган бўлсам? Ахир ҳеч қачон ёмон ишларимни ювиш учун етарлича савоб ишлар қила олмайман! Аста-секин диндан кўнглим совий бошлади. Чунки дин юрагимдаги бўшлиқни тўлдира олмасди, мени бахтли қила олмас эди. Мен диний одатларга риоя қилишни тўхтатдим, лекин Қуръон ўқишни ҳалиям давом эттираётган эдим. Кунлардан бир куни бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. У ўзида Инжилнинг ўзбекча таржимаси борлигини айтди. Бу нарса мени қизиқтириб қўйди. Инжил ҳақида Қуръонда ҳам гапирилган. Мен яна билардимки, Инжил Қуръондан олдинроқ пайдо бўлган. Нима бўлса ҳам, мен бу китобни топиб ўқишга аҳд қилдим. Бизнинг қишлоқда ҳам, район марказида ҳам ҳеч ким Инжил ҳақида ҳеч нарса билмасди. Мен уни на дўконларда, на масжидларда, на китоб сотувчи ёймачиларда топа олмадим. Уйқум келмай, ухлаёлмай тўшакда тўлғаниб ётган тунларимнинг бирида хаёлимга бир фикр ярқ этиб келди: – Тошкентга бор. Агар бу китоб умуман босилиб чиққан бўлса, уни албатта Тошкентдан топасан. Эртасигаёқ поездга тушиб пойтахтга йўл олдим. Тошкентда менга бошпана берадиган танишларим йўқ эди. Бундан ташқари, китобни қаердан қидиришни ҳам билмасдим. Бироқ бу муаммо нимагадир мени ташвишга солмасди. Эрта тонгда мен Тошкент кўчаларида кетаётган эдим. Магазинлар ҳали берк эди. Автобусда Амир Темур хиёбонигача келдим. Шошиладиган жойим йўқ эди, шу сабабдан метрога тушиб ер ости шаҳрида бироз сайр қилмоқчи бўлдим. Ишга шошилаётган одамлар тўдаси оралаб, ер ости ўтиш йўли бўйлаб борар эканман, тўсатдан китоблар турган столларга, турли хил муқовали китоблар орасида семиз, яшил рангли, зарҳал ҳошияли Инжилга кўзим тушди. Кўзларимга ишонмасдим. Наҳотки бу ўша, мени узоқ йўлга отлантирган китоб бўлса!? Бир неча дақиқадан кейин мен китоб эгаси бўлдим ва энди мени фақат қаерда тунасам, қаерда дам олсам ва қаерда китобни ўқисам деган фикр ўйлантирарди. Ўша ердаги шаҳар сайилгоҳига кириб скамейкага ўтирдим. Тушунарсиз ҳаяжон билан китобнинг биринчи саҳифасини очдим. Бир неча дақиқалардан сўнг атрофимдаги ҳеч нарсани пайқамасдим. Китоб менинг бутун вужудимни қамраб олган эди. Ўқийвердим, ўқийвердим, китобдан ҳеч бошимни кўтара олмасдим. Ўзимни худди китоб ўқиётгандек эмас, балки кимдир менинг олдимда ўтириб Исо Масиҳ ҳақида сўзлаётгандек сезардим. Мен яна бутун ер юзидаги одамзоднинг гуноҳкор эканлиги, бу гуноҳлари эвазига улар дўзахга маҳкумлиги, лекин Худойи Таоло Ўзи яратган жонзодларни севганлиги ва уларни қутқариш учун Исо Масиҳни ерга юборганлиги ҳақида ўқидим. Исо Масиҳ эса бизларнинг оқланишимиз учун ўлимни бўйнига олган экан.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top