Ассалому алайкум азизлар. Бир куни, бир ёрқин нур юрагимни ёритгандек бўлди. Тўсатдан умрим бўйи излаганим айнан шу эканлигини англадим. Мен гуноҳкор эдим. Пок Худога яқинлаша олмас эдим. Шу сабабли Худонинг адолатли жазосидан қутқара оладиган Воситачи – Шафоатчига муҳтож эдим. – Эй Худо, – деб кўзларимда ёш билан Яратганга нола қилдим. – Мен жудаям гуноҳкорман! Умрим бўйи гуноҳ қилдим. Муқаддас бўлишга ҳаракат қилдим, бироқ қўлимдан келмади. Сен Исо Масиҳни менинг гуноҳларим учун қурбон қилибсан! Шу қурбонлигинг орқали мени кечирибсан! Шукур Сенга, Худовандим! Билмадим, қанча вақт Худога илтижо қилиб ўтирдим. Бироқ бир нарсани билардим: У менинг илтижоларимни эшитди ва гуноҳларимни кечирди! Юрагимга тинчлик кириб келди. Қалбим тўла шодлик, хурсандчиликдан ўзимни қўярга жой топа олмас эдим – Оллоҳ Исо Масиҳнинг қурбонлиги эвазига менинг гуноҳларимни кечирган эди. Мен бу ажойиб Инжил китобидан ажрай олмасдан, кечгача ва кейин тунда поездда ҳам ўқидим. Баъзи оятлар шундай мени ҳайратлантирардики, ўзим билмаган ҳолда овоз чиқариб юборардим. Йўловчилар олдинига ҳайрон бўлиб қараб туришди, кейин нарироқ сурилиб ўтиришди. Шунда мен уларга қўлимдаги қандай китоб эканини, менга нималарни очиб берганини, Исо Масиҳ ва У орқали бериладиган кечирим ҳақида гапириб бердим. – Демак, сиз христианмисиз? – Йўқ, – дедим мен. – Мен оддий ўзбек, мусулмонман. Лекин Худо менинг гуноҳларимни Исо Масиҳ орқали кечирди. Менинг бунга имоним комил. Мен ҳеч қачон ҳозиргидек хурсанд бўлмаганман. Энди мен гўё янги туғилган чақалоқдек бегуноҳман, покман. Уйда ҳамма мени ақлдан озиб қолди, деб ўйлади, нега десангиз ҳаммага Исо Масиҳ ҳақида гапирар, Худо менинг гуноҳларимни кечирганлигини сўзлардим. Ҳали кўп нарсани тушунмасдим. Худога қандай намоз ўқишни, масжидга боришим керак-керак эмаслигини, қандай қилиб рўза тутишни менга ўргатадиган одам йўқ эди. Хаёлимга яна битта фикр келди: – Тушунмаган ҳамма нарсангни, ҳамма муаммоларингни Худога айтишинг мумкин. У сенга Ўзи тушунтиради. Шундай қилиб, ҳаётимда ажойиб кунлар бошланди. Худо менинг ҳамма саволларимга Инжилдан жавоб берарди. У мени ҳеч қачон ташлаб қўймади. Ҳамма, асосан муллалар қаршилик кўрсатган чоғда ҳам Худо мени Ўз Каломи билан қўллаб-қувватларди. Орадан ярим йил ўтди. Бир нечта қариндошларим Худодан қандай кечирим олиш мумкинлиги ҳақида қизиқиб қолишди. Мен улар билан бирга Инжил ўқирдим, бирга Оллоҳга илтижо қилардик. Бирин-кетин улар Инжилдаги сўзларга ишониб, Худога ҳаётларини топширишди. Тавба қилиб, гуноҳларига кечирим олишди. Уларнинг ҳам ҳаётлари меникидек тубдан ўзгарди. Чекишни, ичишни, ёмон сўзлар билан сўкинишни тўхтатишди. Оилада улар энди меҳрибон оталарга, қулоқ солувчи ўғилларга айланишди. Атрофимиздаги одамлар бундан хурсанд бўлди, деб ўйлайсизми? Бўлмаган гап! Хотинлар маст эрларининг калтакларини унутиб, энди ўзгариб қолган эрларини ўзлари савалашга тайёр эдилар: – Ота-боболарингизнинг динидан қайтганингиздан кўра, ароқ ичиб юрганингиз яхши эди. – Диндан қайтганим йўқ. Қуръонда ҳам Инжилни Оллоҳдан деб ёзилган! Биз фақат Инжилда ёзилганларига итоат қиляпмиз, холос. – Нега Исога ибодат қиласизлар? Исо – ўрисларнинг худоси. Сизлар христиан бўлгансизлар! Биз эса, христиан эмас, балки бор-йўғи Инжилга эътиқод қўйганлигимизни қайта-қайта тушунтиришга ҳаракат қилдик. Лекин улар бизга қулоқ солишмасди. У мени севади!
Дўстим, У сизни ҳам севади! Исо Масиҳ сизнинг ҳам гуноҳларингизни кечиради. У сизга шодлик бера олади, кўнглингизни Ўз нурига тўлдира олади. Уни қабул қилинг!