3:24

Шогирд янги шогирд орттирсин

MP3

Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Шогирдингизга устозлик қилишни ўргатинг. Шогирд ўстириш шунчаки маълумотлар бериш билан чекланиб қолмайди. Шогирдингизга шогирдликнинг мағзини ўргатинг, у ҳам шогирд орттиришни амалда ўргансин. Унга далда беринг, у ҳам иложи борича тезроқ шогирд орттирсин. Бунинг фойдаси кўп: Биринчидан, унинг имони мустаҳкам бўлиб ўсади. Шогирдингиз бошқа бировга Хушхабарни айтганида, кўп саволларга жавоб беришига тўғри келади. Шогирд бу саволларга жавоб берганда нафақат савол берган одамга ёрдам бўлади, балки бу жараён давомида ҳақиқат унинг ўзининг юрагига муҳрланиб қолади.

Иккинчидан, бу шогирдингизнинг шахсий ўсишига ёрдам беради. Шогирдингиз бошқаларнинг руҳий ўсишига ёрдам берар экан, ўз ҳаётини баҳолайди. Ўзининг ҳаёти бошқаларга намуна бўлиб хизмат қиляптими ёки йўқми, эътибор беради.

Учинчидан, шогирдингиз устозлик қилса ўзи ҳам ўрганишга мойил ва таълимга чанқоқ бўлади. Шогирдингиз ўз шогирдининг саволларига жавоб беришга мажбур бўлгани учун, ўзи ҳам кўпроқ нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилади. Шогирд ўстириш жараёни ниҳоятда кенг мавзудир. Уни батафсил тушунтириш учун кўп жилдли асарлар ёзиш мумкин. Шогирд ўстириш борасида айрим умумий қоидалар мавжуд, бу қоидалардан ҳар қандай инсонлараро муносабатларда фойдаланиш мумкин. Шогирд орттириш хизматида қўл келадиган қоидалар қуйида келтирилган:

Шогирдингиз Худога тегишли эканини ёдингизда тутинг. Сиз Худонинг мадади билан шогирд орттирасиз, шогирдингизни ҳам Худонинг Ўзи ўстиради. Сиз бу хизматда Худо қўлидаги қурол бўлиб хизмат қиласиз. Забурда бу ҳақда шундай деб ёзилган: “Агарда уйни Эгамиз қурмаса, қурувчиларнинг иши бекор бўлади. Агар Эгамиз шаҳарни қўриқламаса, қоровул беҳуда пойлоқчилик қилади.” (Забур 126:1).

Шогирдингизга ишонинг, унга умид боғлаганингизни шогирдингиз билсин. Шогирдингизга бирон топшириқ берганингизда ўша топшириқни қўлидан олманг.

Шогирдингиз сизга боғланиб қолмасин. Шогирдингизни ўстирар экансиз, уни мустақил қўйинг. Сизнинг вазифангиз шогирдингизга Худога боғланишни ўргатиш. Унинг сизга боғланиб қолишига йўл қўйманг. Шогирдингизни эркин қўйинг, у ўз хатоларидан ҳам сабоқ олсин. Тадбиркорлик дунёсида янги тадбиркорлар муваффақиятдан кўра, муваффақиятсизликлар туфайли кўп нарсани ўрганишади.

Шунга қарамай, одамлар хато қилиб қўйишдан кўрқишади. Шогирдингиз хато қилишдан қўрқмасин, хато қилганида ҳам сиз ундан юз ўгириб кетмаслигингизни билсин. Шогирдингиз одамлардаги қобилиятларни кўра оладиган бўлсин.

Исо ўн иккита ҳаворийни танлаганида шошилмаган эди. У Ўз хизматини бошлаганидан кейингина Ўзига шогирдлар танлаганди. Ҳаворий Павлус бу борада шундай деган эди: “Хизматга олиш учун ҳеч кимнинг бошига шошилинч қўл қўйиб дуо қилма, бошқаларнинг гуноҳларига шерик бўлма, ўзингни пок сақла.” (1Тимўтийга 5:22). Шогирдингизга далда беринг, токи у ўзига ишонч ҳосил қилсин.

Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top