3:29

Она ва қиз

MP3

Ассалому алайкум, меҳрибон оналар. Қиз фарзанд ўстираётган оналар юракларида шодлик, фаҳр ва бироз ҳавотирни ҳис қилишади. Қиз болани гулга қиёслашади. Бу қиёс унинг нозиклигига, гўзаллиги, эътиборга умидворлиги билан изоҳланади. Қиз болада ушбу хислатларнинг мужассам бўлиши бевосита унинг олган тарбиясига, характер-хусусиятларига боғлиқ. Тарбия эса доимо давом этадиган, тугалланмайдиган жараёндир.

Ўсмирлик даври бошқа даврлардан ўзининг нозиклиги, қалтислиги билан ажралиб туради. Бу даврда ёш инқирози кузатилади. Бугунги кунда ёш инқирози бирмунча яшарганлигини, яъни орқага силжиганини кузатишимиз мумкин. 11-15 ёшни биз ўсмирлик ёши деб қабул қиляпмиз. Бошқа дарвлардаги ўзгаришлар кетма-кетлик асосида содир бўлади.

Бироқ ўсмирлик даврида биологик, физиологик, психологик ўзгаришлар бир пайтда рўй беради. Учта жараённи бир пайтда бошдан кечириш ўсмирга бирмунча қийинчиликларни туғдиради. Бу давр ўта ҳиссиётга бойлиги, ўзгарувчанлигининг юқорилиги ҳамда жинснинг ажралиши билан боғлиқдир. Бу пайтда ота-она ва ўсмир фарзанд ўртасидаги келишмовчилик унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилади. Бунинг асосий сабаби ўсмир шахсияти билан жинсга мувофиқ қиз ва она ўртасидаги яқин мулоқотнинг таъминланмаганлиги, улар ўртасида тўсиқлар мавжудлигидир. Онаси билан дўстона мулоқотда бўлмаган ўсмир қизда ёлғизланиш, ўзидан қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади. Онасидан керакли эътиборни ололмаган қиз эса бошқаларга ҳам ишончсиз кўз билан қарайди ёки ўша эътиборни бегоналардан излашга тушади.

Она ва ўсмир қиз ўртасидаги норозиликлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. У ўзига қаратилаётган норозиликлардан асабийлашиб, жиззаки инсонга айланади. Натижада арзимаган танқиддан ҳам тезда йиғлаб юбориши, ўзини камситилгандек ҳис қилиши мумкин. Ўтиш даврига доимо танқидий кўз билан қаралади. Чунки бу даврда ўз шахсини намоён этишга ҳаракат қилади. Айрим қизлар бу даврни тезкорлик билан бошдан кечирса, бошқалари сустлик билан ўтказишади. Оналар қизлардаги ўзгаришларга доимо эътиборли бўлишлари шарт. Ўсмирлик даврида қизларда бевосита тақлидчанлик ҳисси шаклланади. Машҳур кишиларга ёки атрофдаги ўзига маъқул бўлган одамларга тақлид қилиш уларнинг хатти-ҳаракати феъл-атворида кузатилади.

Шунинг учун ҳам улар бу даврда яқинларидан кўп нарса талаб қилишади. Ота-оналар эса қизидаги бу ўзгаришни тўғри тушунмай, уни енгил-елпиликка ҳаракат қилаётганликда айблашади. Тақлид ҳар доим ҳам ижобий натижа беравермайди. Чунки ўсмир қиз тақлид қилаётган кишининг ташқи тарафига эътибор қаратиб, унинг ички оламини инобатга олмайди. Шу боисдан ҳам ота-она доимо қизини назоратда сақлаши, унга ўз йўл-йўриқларини, тавсияларини бериб бориши керак. Она қизида дид шаклланишига ёрдам бериб, уни соғлом турмуш тарзига амал қилишини кузатиб бориши ҳар томонлама яхши ишдир. Ундан ташқари қиз бола кийиниш маданиятини билиши, моддий ва маънавий хушхулқлик эгаси бўлиб вояга етиши онанининг зиммасидаги яна бир масъулиятдир. Шунингдек, ўсмир қизларда асосан, тасаввурлар дунёси бойийди. Она эса бу борада ҳам унга энг яхши маслаҳатдош бўлиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top