3:17

Яҳё пайғамбарнинг пайдо бўлиши

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Агар менда вақт машинаси бўлганида эди, мен албатта энг биринчи саёҳатимни Исо Масиҳ туғилишидан олдинги замонни ва вақтни танлаган бўлардим. Аммо Худога шукурки Унинг Ўзи бизга ажойиб қобилият, тасаввур қилиш қобилиятини берган. Ҳозир эса ҳаммамиз мана шу тасаввуримизни ишга солиб, Яҳё пайғамбарнинг туғилиши воқеаларида худди ўзимиз ҳам иштирок этаётгандек тасаввур қилсак, нима дейсиз? Бу ҳолатларни Исо Масиҳнинг издошларидан бири табиб Луқо бир Теофил деган одамга ёзиб қолдирган. “Тео” юнончада Худо, “фило” севикли, деган маънони англатади. Луқо бу изланишлар натижасида юзага келган ажойиб ва мукаммал тарих парчасини ҳеч шубҳасиз “Худонинг севиклиси”га, яъни Худони севган ва Унга ишонган ҳаммага бағишлаган. Луқо ўзингиз билганингиздек, ўн икки ҳаворийдан бири бўлмаган.

Narrator 2 У эҳтимол Исо Масиҳ ўлиб тирилгандан кейин имонга келиб, қайтадан туғилгандир. У бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрмаган-ку, қандай қилиб шундай ишонч билан ёзади, дейишингиз мумкин. Аммо у табиб бўлгани ёдингиздан чиқмасин. Табиблар эса ҳамма нарсага ўз касбидан келиб чиқади. Ҳар бир маълумотни текширмай, унга сабаб ва асос топмай туриб хулосага келмайди. Келинг, яхшиси шу ерда Каломга мурожаат қиламиз. “Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпларнинг ташаббуслари маълумдир. Бу бўлиб ўтган ҳодисаларни бошданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар. Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин, эй муҳтарам Теофил, бу воқеларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим, токи сиз берилган маълумотларнинг жуда асосли эканини билингиз.”

Narrator 1 Учинчи оятда у ёзганларининг ҳаммаси ўта синчиклаб текширилгандан кейингина ёзилганини айтади. Луқо бошқа хушхабарчилардан фарқ қилган ҳолда, Исо Масиҳнинг туғилиши воқеасига бироз бошқача, аниқроғи узоқроқдан, Яҳё пайғамбарнинг туғилиши вақтидан бошлайди. Унда ёзилишича, Яҳё Чўмдирувчи имонли ва солиҳ кишилардан бунёдга келган. “Яҳудия юртида Ҳирод ҳокимлик қилаётган даврда руҳонийларнинг Абиё аждодидан Закариё исмли бир руҳоний бор эди. Унинг хотини эса Хорун авлодидан бўлиб, оти Елисавета эди. Уларнинг иккови ҳам солиҳ ва художўй кишилар бўлиб, Худованднинг бутун амру фармонларига бекаму кўст риоя қилиб юришарди.” Улар шунчаки амрда ёзилганларига юзаки риоя қилмай, чин дилдан амал қилиб, чинакам солиҳ деб аталишга лойиқ одамлар бўлишган.

Narrator 2 Улар эса руҳонийлик вазифаларини маъбадда навбати билан бажаришарди. Руҳоний Закариёнинг навбати умри давомида биринчи марта келганди. “Хизмат навбати ўз авлодига қолган бир кунда Закариё Худо ҳузурида руҳонийлик ҳизматини ўтаб турган эди. Руҳонийлар одати бўйича, Худованд маъбадига кириб хушбўй тутатқилар тутатиш қуръаси унга насиб этган эди.” Шундай ажойиб ва ўта масъулиятли вазифани у бир умр кутган! У ўзини ўша вақтда қандай ҳис қилган экан-а? У асабийлашгани, хизматини тўғри бажариши ҳақида ҳавотир олгани аниқ. Унинг ўрнида мен ҳам ундан баттарроқ асабийлашган бўлардим. Мана, вақтимиз ҳам ниҳоясига етиб қолди. Ажойиб воқеаларнинг давомини кейинги суҳбатимизда давом эттирамиз. Закариё ва бошқа художўй кишиларнинг ҳаёти сизни қизиқтириб қўйган бўлса, бизнинг www.dilkashradio.com cайтимиздан истаганча бир-биридан қизиқ маълумотларни топишингиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top