3:23

Гуноҳни англаш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Исо Масиҳ ерда хизматини бошлагандан то охирига етказгунгача, фарзийлар ва уламолар Унинг гуноҳкорлар орасида юришидан, улар билан бир дастурхондан еб-ичишидан шикоят қилишган. Луқо 15 бобни ўқисангиз, адашган қўй ҳақида, йўқолган танга ва дарбадар ўғил ҳақидаги масални кўрасиз. Масалларнинг мақсади, гуноҳкорларни излаб топиш ва уларни тавбага келтиришдир. Аммо ўйлаб қарасак, дарбадар ўғил ҳақидаги масални фарзийларга мослаштириб, “Нолийдиган катта ўғил” деб номланса яхши бўлармиди, деб ўйлаб қоласан киши. Исо Масиҳ мана шу маталлар орқали Худонинг энг асосий ниятини ошкор қилмоқчи бўлди. Чунки Осмон Шоҳлигида ўзини гуноҳкор деб ҳисобламаган 99та одамдан кўра, биргина гуноҳкорлигини тан олган ва Худога қайтиб келган одам учун кўпроқ шодлик бўлади. Агар бизнинг ичимизда Масиҳ бўлса, Унга ўхшаб фиклашимиз керак.

Narrator 2 Аниқроғи, биз ҳам гуноҳкорларга хушҳабар етказиб, уларни Худо Шоҳлиги аъзоси қилиш пайидан бўлишимиз керак. Шунда Худонинг шодлиги бизнинг ҳам шодлигимиз бўлади. Дарбадар ўғил ҳақидаги масал чиндан ҳам ўзининг гуноҳини англаб етган ва кечиримга муҳтож бўлган гуноҳкор ҳақидадир. Бошида айтиб ўтганимиздек, хасадгўй аканинг қисми ҳам кучли келтириб ўтилган. Баъзида ҳаётга назар ташлаб, Худованд бизнинг ҳаётимизда ноҳақлик қилаётгандай туюлади. Қандайдир Худонинг марҳаматига арзимайдиган ўта ёвуз ёки учига чиққан порахўрга омад кулиб боқади. Ё бўлмаса, Худо уларни бало-қазодан асраб қолади. Шунда жахлимиз чиқади. “Худо ҳам қизиқ! Ҳақиқатда Унинг марҳамати ва баракатига лойиқ бўлганлар қийинчиликда азоб чекадиларда, каззоблар омадга ва Худонинг марҳаматига эга бўладилар!” Шундай деб ўйлаган пайтимизда, Каломдаги ўша матални яна бир бор ўқишимиз керак бўлади.

Narrator 1 Катта ўғил отасидан жаҳли чиққанида ота ўғлига нима дегани ёдингиздами? “Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. Аммо у отасига шундай жавоб берибди: — Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта улоқча ҳам бермадингиз. Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз! Отаси унга шундай жавоб берибди: — Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. Бугун эса байрам қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган эди, энди топилди.” Эътибор беринг-а, Худо “менинг бор нарсам сеники”, деяпти.

Narrator 2 Демак, Худо шоҳлиги учун хизмат қилганлар ва Худонинг айтганидан чиқмай юрганлар Худо Шоҳлиги меросхўрларидир. Саёқ юрган одам эса, шалоқ юрганининг оқибатини олиб бўлди. Улар меросдан қуруқ қолдилар. Аммо гуноҳкорлар тавба қилганида Худо фарзандларига айланадилар. Бу парчадан яна гуноҳ ва унинг оқибатлари ҳақида билиб олишимиз мумкин. Кичик ўғил бегона ерларда шалоқ юриб, пулини совуриб, охири хор-зор бўлади. Қийинчиликларнинг ҳамма турини кўради. То ўзининг чинаккам гуноҳкор эканлигини англаб етгунча, кўзи кўр бўлиб гуноҳ қилишда давом этаверади. Охири ўзига келиб, гуноҳкор эканлигини англаб, Худонинг олдига келишга қарор қилади. Бу парчадаги энг катта гуноҳкорнинг ҳам тавбага келиши бизга умид беради. Шундай пайтларда яқинларимизни ўйлаймиз. Уларнинг ҳам тавбага келишларини истаймиз. Худога шукурки, У буни биздан ҳам кўпроқ истайди!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top