Narrator 1 Ассалому алайкум. Луқо хушҳабарининг 16 бобини ўқисангиз “Шум иш бошқарувчи” ҳақидаги яна бир матални ўқийсиз. Шуни билишингизни истардикки, маталлар доим ҳам сўзма-сўз бирор руҳий маъно англатмайди. Кўпинча улардаги энг керакли нарсани олиш лозим бўлади. Исо Масиҳ шогирдларига “шум иш бошқарувчи” каби ёлғон ишлатишга чорламаяпти. У ҳозир яшаб турган дунёимиздаги бойликларимиздан фойдаланиб, дўст орттиришга ундайди. Сиз Худонинг фарзандлари сифатида бу дунёда нотўғри йўлда ишлатилаётган нарсани тўғри йўлда ишлатишингиз мумкин. Шум иш бошқарувчи қўлидаги бойликдан фойдаланиб, ўзига тарафдорлар ва дўстлар орттирди. Қачонки қийналиб қолса энди ўша одамлар унга ёрдам беради. Бизга ҳам Худованднинг бойликлари ишониб топширилган. Биз ҳам уларни дўст орттириш учун ишлатишимиз керак. Қандай қилиб дейсизми?
Narrator 2 Худо бизни нимада марҳаматлаганига қараб муҳтожларга ёрдам беришимиз мумкин. Худованд кимнидир пул билан марҳаматлаган бўлса, кимнидир вақт билан, яна кимнидир бошқа бир инъом билан сийлаган. Ҳар ким ўзида бор марҳамат билан руҳий келажаги учун замин тайёрлаб қўйиши мумкин. Масиҳ бу ҳақида шундай дейди: “Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?! Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!” Ҳаммамизга Худо олдида туриб, “Мен оч эдим, қорнимни тўйғазди” ёки “Мен ёрдамга муҳтож эдим, у менга катта ёрдам берди” дея оладиган дўст керак. Агар Худонинг бойлигига садоқатли бўлмасак, Осмон Шоҳлигини ким бизга ишониб топширади? Парча охирида Масиҳ шундай дейди: “Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди.
Narrator 1 У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.” Ўзларича Худони севадиган қилиб кўрсатадиган фарзийлар аслида, пулни ва мол-дунёни севардилар. Улар Исо Масиҳ айтган бошқа бир маталдаги бой одамга ўхшайдилар. “Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан. Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан. У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан. Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди. Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди.
Narrator 2 Сўнг шундай деб фарёд қилибди: — Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!” Исо Масиҳ ердаги хизмати даврида фарзийларга ҳам имонлиларга ҳам сабоқ бўладиган жуда кўп ҳақиқатларни айтди. Қулоғи Худо сўзларига мойил ва юраги Худога муштоқ одамлар буни қабул қила оладилар. Худога эътибор қилмайдиган одамлар ҳозир ҳам Худо Каломини рад этадилар ва бу дунёда роҳат фароғатда фақат ўз ёвуз истакларини қондириш учун яшаб ўтадилар. Уларнинг кейинги тақдири эса, маталдаги бой одамнинг тақдиридан фарқ қилмайди. Иброҳим пайғамбарни эсланг. У ҳам бой бўлган, аммо бойлигидан фойдаланиб дўстлар орттирган. У ҳеч қачон очкўз ва ҳасис бўлмаган.