3:35

Дори ўрнига табассум

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бизнинг кайфиятимиз – бутун вужуд ҳужайраларидаги ахборот узатувчилар – кимёвий трансмиттерлар деб аталувчи моддаларни ишлаб чиқарадиган безлар фаолиятига кучли таъсир кўрсатади. Гигиена профессори, 73 ёшли Макс фон Петтенкоферни эслайлик. У 1882 йили 7 октябр куни Роберт Кох билан бўлган тортишув қизиғида «бутун полкни қириш»га етарли бўлган, вабо вибрионларини қўрқмасдан ичиб юбориб, тирик қолган эди. Аммо ўзининг қаҳрамонона ва айни маҳалда хатарли тажрибасидан эсон-омон қолган Петтенкофер ўз бошига тушажак қариб-қартайиш, куч-қувватдан қолиш даҳшатидан қўрқиб, 1901 йилнинг 28 октябр куни ўзини-ўзи отиб қўйди. Шундай қилиб, вабодан устун чиққан, Еврпопада биринчи гигиена институти раҳбари қўрқув балосига мағлуб бўлди.

Narrator 2 Тиббиётда инсон умрини ниҳоят даражада қисқартириб юборадиган ҳиссий кечинмалар ҳам маълум. Людовик XIV нинг тарихчиси ва камергери, трагедия бўлими бўйича буюк уста бўлган Жан Расин бор-йўғи қирол унинг саломига жавоб қайтармаганидан изтиробга тушиб, оламдан ўтган. Ўша куни қирол Расинга қараб бош силкитишни унутган эди. Расин уйига қайтиб, тўшагида ётиб қолди ва кечга томон жони узилди. Унинг бу аҳволда жон бериши замондошларини ҳайратда қолдирди: драматург эндигина 60 ёшни қоралаган бўлиб, соғлиги жойида эди. Инсон умрини қисқартирувчи таъсирлар орасида ғам-кулфат, тушкунликка тушиш, сиқилиш, қўрқув, ҳасад, кўролмаслик ва иродасизлик ҳоллари асосий ўринни эгаллайди, деб бекорга айтмаганлар. «Хушчақчақлик фақат саломатлик аломатигина эмас, балки касалликлардан қутқарувчи шифобахш хусусият ҳамдир». «Ҳақиқий донишманд одам ҳамиша қувноқ юради», – деган эди Лев Толстой.

Narrator 1 Юқоридаги каби фикрларни кўзга кўринган терапевтлар – С. Боткин ва М.Кончаловский ҳам келтириб ўтганлар. Қисқача қилиб айтганда, «Руҳий дори-дармонлар ҳам худди дорихонадаги ғамлаб қўйилган дорилар билан бир қаторга туришга ҳақлидир», – деган эди Радишчев. Ҳиндистонлик ҳаким, тажрибали йог Мадан Катариа беморларини кулгининг ўзи билангина даволай олади. У Бомбейдаги Тиббиёт институтида ҳатто кулги муолажасини ташкил этган. Ҳакимнинг фикрича, узоқ ҳиринглаш, хандон отиш ёки хунук кулиш ҳам инсонни зиқлик ҳолатидан чиқаради, шунингдек тунги босинқираш ва тушкунлик ҳолатларини ҳар қандай ҳапдорилардан кўра яхшироқ даволайди. Лекин соф кулги – бировнинг устидан кулиш эмас. Ҳар куни эрталаб Катариа юзлаб беморлари билан шаҳар хиёбонларидан бирига боради ва улар бир-бирларига қараб хахолаб кула бошлашади.

Narrator 2 Эрталабки 20 дақиқали кулги муолажаси одамларнинг кун бўйи яхши кайфият билан юришларига имкон яратади, деб таъкидлайди у. Катариа чуқур тадқиқот ўтказади ва инсоннинг жисмоний соғлигини яхшиловчи кулгининг 30 хилини аниқлайди. Масалан, «шер кулгиси»да инсон оғзини катта очиб, ҳавони кескин чиқаради, овоз найчаларини чиниқтиради ва ўпкани тозалайди. «Каптар кулгиси»да инсон оғзини ёпиб кулади, қорин мушакларини мустаҳкамлайди ва миядаги қон айланишини яхшилайди. Маймун кулгисида инсон хириллаб, қўлларини силкитади. Бундай машқ бутун танани қувват билан тўйинтиради. Энг қийини – саратон хасталиги билан оғриган беморни кулишга мажбур қилишдир. Аммо бундай бемор хахолаб кулишни бошласа борми, унинг ер юзида кечирадиган кунлари сезиларли равишда кўпаяди. Ҳатто энг қувноқ одам ҳам бир ўзи кулолмайди. Аммо кулги маъноли бўлса, яна яхши.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top