Ассалому алайкум. Вақти-вақти билан хонадаги жиҳозлар ўрни, уларнинг рангини ўзгартириб туриш фойдадан ҳоли бўлмайди. Айниқса, қизиқувчан ва ижодкор бекаларимиз хонада турли ўзгаришлар қилиб, ўзларини зериктирмайдилар. Тўғри танланган ранг нафақат хонангиз муҳитига, балки кайфиятингиз ва ишингизга ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Хонанинг рангини ўзгартиришдан аввал оила аъзоларингиз, айниқса ким кўпроқ уйда бўлса, ўшанинг фикри билан ҳисоблашинг. Хона рангини танлаш – бироз мураккаброқ вазифа. Чунки барчанинг диди ҳар хил. Аммо хонани кўпи билан икки хил рангга бўяш мумкин. Шу боис ҳамманинг дидига маъқул бўладиган олтин оралиқни топиш зарур. Бунинг учун оила аъзоларингизнинг ранг борасидаги фикрларини билиб олинг.
Кейин ранглар орасидан ўхшашларини ажратинг. Агарда ўхшаш ранглар бўлмаса, бир-бирига мос тушадиганларни танлаш мумкин. Агар хонани икки хил рангга бўяшга қарор қилган бўлсангиз, унда деворнинг асосий қисми майин, четлари эса ёрқин рангда бўлишига эътибор қаратинг. Кутилмаган янгиликларни ёқтирсангиз, хонани йўл-йўл қилиб бўяш мумкин. Ëки шифтга очроқ, деворга эса ёрқин рангдаги бўёқларни қўллаб кўринг. Ëрқин рангдаги шифт кўзни тез чарчатиб қўяди, шу боис у очроқ бўлгани маъқул. Ранглар мувофиқлигини билмоқчи бўлсангиз, ҳарид қилаётганингизда ёнма-ён қўйиб, текшириб кўринг. Харид жараёнида хонада жойлашган буюмларнинг рангини ҳам ҳисобга олинг. Айниқса диван ва гилам ранги муҳим аҳамиятга эга. Хона ранги имкон қадар бошқа жиҳозлардан фарқ қилсин. Кескин ўзгаришлардан қўрқсангиз, ўзингизга маъқул рангни танланг.
Энг муҳими, ранг хонани кичик ва катта қилиб кўрсатиши мумкинлигини ҳам унутманг. Тўқ ва ёрқин ранглар хонани кичик қилиб қўйса, оч ранглар бунинг акси. Хона дизайнини танлаш – мушкул вазифа. Фақат сизгина унинг ўзингизга маъқулини танлашингиз мумкин. Энг тажрибали мутахассис ҳам вақти келиб сизнинг дидингизни тўғри баҳолай олмайди. Лекин уларнинг маслаҳатини тинглаш ҳам зарар қилмайди.
Тез-тез хонанинг ҳолатини ўзгартириб туриш,кишига завқ бағишлайди. Аммо шундай ҳолатларда гиламдаги фарзандлар эҳтиётсизилик қилиб пайдо қилган доғларга кўзингиз тушади. Масалан, сиёҳ доғига. Бу доғни қандай қилиб кетказиш мумкин? Уй жиҳози ёки либосдаги сиёҳ доғларидан соч лаки ёрдамида халос бўлиш мумкин. Сиёҳ теккан жойга лак сепиб, кейин уни нам латта билан тозалаш керак.
Теридаги сиёҳ доғини эса иссиқ сутга ботириб олинган губка ёки озгина намланган ичимлик содаси билан кетказиш мумкин. Болалигимизда сақич чайнаб ухлаб қолардик. Эрталаб турганимизда эса, кимдир уни сочидан, кимдир кийимига ёпишиб қолган ҳолда топарди. Бугунги болалар ҳам худди шу ҳатоларни такрорлашади. Сақични эҳтиётсизлик қилиб дуч келган жойга ташлаб кетишади. Масалан, сақич кийимга ёпишиб қолган бўлса нима қилиш керак? Бунинг учун сақич устига оддий оқ қоғозни қўйиб, ўша ерни дазмолланг. Шунда сақич қоғозга ўтиб қолади. Ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша ҳиди бўлади. Хонанинг ҳидини янгилаш учун чангюткич қопини янгилаётган пайтингизда унга озгина кир ювиш кукунидан солиб қўйинг. Чангюткич ёрдамида тозалангандан сўнг хонада ёқимли ҳид пайдо бўлади.