Narrator 1 Ассалому алайкум. Кўпчилигимиз баҳор пайтида танамиз заифлашганини ҳис қиламиз. Буларнинг барига организмда керакли дармондорилар камайиб кетиши сабаб. Шуни билганимиз ҳолда баҳор келиши билан дорихоналарга югурамиз. Аммо шошманг, дорихонага боришдан олдин бизнинг суҳбатимизни бир тинглаб кўринг. Балки шундан сўнг фикрингизни ўзгартирарсиз. Бугун ҳаммамиз билган аммо етарлича эътибор қилмаганимиз ундирилган уруғлар ҳақида суҳбатлашамиз. Ундирилган уруғлар – бундан 5 минг йил аввал ҳам маълум бўлган қадимий соғломлаштирувчи восита ҳисобланади. Ушбу шифобахш таом бизларни бир вақтнинг ўзида кўплаб хасталиклардан халос этиб, уларнинг қайтарилишга йўл қўймайди. Табиатнинг ушбу инъоми ато этадиган нарса чинакам саломатликдир.
Narrator 2 Уруғлар униб чиққанда, уларда кескин ўзгаришлар содир бўлади: крахмал – солод шакарига, оқсиллар – аминокислоталарга, ёғлар – ёғ кислоталарига айланади. Ошқозон овқат хазм қилиши жараёнида ҳам худди шу ҳодиса содир бўлади. Демак, ундирилган уруғларда хазм қилиш фаолиятининг каттагина қисми бажариб бўлинган. Қолаверса, витаминлар ва бошқа фойдали унсурлар синтезланади, қувват жамланади ва барча кучлар сафарбар этилади. Организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини ундирилган уруғлар орқали қоплаш мумкин. Улар нақ фойданинг кони! Масалан, ундирилган қовоқ уруғи, энг аввало, рухга бой бўлиб, стрессда фойдали, ақлий фаолликни кучайтиради, хотирани мустаҳкамлайди. Шунингдек, рух репродуктив функцияни яхшилайди, жумладан жинсий қувватни оширади. Ундирилган ловия эса витамин С, темир ва калий манбаи.
Narrator 1 Шу боис уни таомга қўшиб истеъмол қилинса, моддалар алмашинувини яхшилайди, нерв тизимига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади, шунингдек, вирус ва микробларга қарши курашда ёрдам беради. Бундан ташқари, атеросклероз ва қандли диабет профилактикаси учун яхши. Буғдой майсаси таркибидаги витаминлар тери ва соч ҳолатини яхшилаб, организмни тозалайди, иммунитетни кўтариб, юрак-қон томир ва онкологик касалликларнинг олдини олади. Мутухассисларнинг фикрича, буғдой майсаси ёшартириш хусусиятига эга. Кимда-ким уни мунтазам истеъмол қилиб турса, умрини анча узайтириш имкониятига эга бўлар экан. Сумалак учун буғдой ундирилишининг сабабини энди тушунгандирсиз? Уруғларни қандай ундириш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз, маслаҳатимизга диққат қилинг: совуқ сувда яхшилаб ювилган донни чуқур идишга солиб, устидан сув қуйинг – сув доннинг юза қисмини бутунлай беркитмаслиги лозим.
Narrator 2 Устига дока ёпиб, илиқ жойга қўйиб қўйинг. 6-12 соатдан сўнг сув юзасига қалқиб чиққан донларни олиб ташланг. Сувини тўкиб, донни яна сувга намлаб қўйинг. Майса 2-3 кунда униб, бўйи 1-3 мм.га етади. Узунлиги 1 мм.га етганда уларни яна ювиб, бироз қуритиш керак. Шундан сўнг улар истеъмол қилиш мумкин. Эсингизда бўлсин: ёш майсалар кесиб олингандан 20 дақиқа ўтар-ўтмас ўзининг шифобахш хусусиятини йўқотади. Ундирилган уруғларни совутгичда икки кунгача сақлаш мумкин. Истеъмол қилиш меъёри – кунига 50-100 грамм. Ундирилган донлар сизга бемаза туюлса, майдалаб, бошқа таомларга қўшиб истеъмол қилинг. Шунингдек, ёнғоқ, асал, сархил ёки қуруқ меваларни қўшиб, улардан ажойиб таомлар тайёрлаш мумкин. Яшил майсалардан салат ёки турли таомларни безаш учун ҳам фойдаланишади. Ундирилган уруғлар ҳазм аъзолари касалликлари зўрайганда шунингдек, болалар ва кексаларга мумкин эмас.