Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ўзимиз ва оила аъзоларимиз соғлом бўлишлари учун биз оналар имкон қадар соғлиқ ва бошқа мавзулардан кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Баҳор келиши билан кўпчиликда ланжлик, ҳорғинлик ва бошоғриғи кузатилади. Агар билсангиз 1912 йилда тиамин витамини кашф этилди. Поляк олим Казимир Функи бу модда аминлар синфига киришини айтиб, уни витамин яъни «ҳаёт амини» деб атади. Ҳозирги кунда витаминларнинг 20дан ортиқ тури бор. Улар оқсиллар, ёғлар ва углеводлар сингари организмга энергия етказиб бермаса-да, худди ферментлар каби танамизнинг ҳаётий фаолиятида қатнашади. Витаминларни биз асосан овқатлар ёки препаратлар орқали қабул қиламиз.
Организмда витаминлар етишмай қолганда жисмоний ва ақлий иш фаолиятига путур етади, кишида турли хасталикларга чидамлилик пасаяди. Ҳатто витамин танқислиги туфайли баъзи бир дардларга чалиниб қолиш ҳам мумкин. Моддалар ҳамда энергия алмашинуви жадаллашадиган илк баҳор кунларида организмнинг барча макронутриентлар ҳамда микронутриентларга эҳтиёжи бир мунча ошади. Боз устига, кузда йиғиб олиниб, баҳор келишигача сақланган меваларда микронутриентлар миқдори энди кескин камайиб кетади. Шунинг учун организмнинг витаминлар ва маъданли моддаларга бўлган талабини қондиришда баҳорги кўкатлар, ундирилган дон майсалардан таом тайёрлаб еб туриш керак. Улар қишки мева – чеваларга қараганда витаминлар бобида бир неча бор фойдалироқ.
Баҳор ойларига келиб асосий озиқ моддалари — оқсиллар, ёғлар, углеводлар етарли миқдорда қабул қилинса-да, ҳар хил объектив ва субъектив сабабларга кўра витаминлар ва маъданли моддалар керагидан кам қабул қилинади. Айримлари ҳатто умуман қабул қилинмайди. Бу эса танада витамин тақчиллигига яъни авитаминозга олиб келади. Таомлар таркибида витаминларнинг кам бўлиши ва ошқозин-ичак тизимида ейилган витаминларнинг ўз вақтида етарлича қонга сўрилмаслиги витамин танқислигининг объектив сабабидир. Кўпгина кишилар витаминларнинг ўзига ҳос хусусиятларини етарли даражада тушунмасдан авитаминозга чалиниб қолишади. Бу эса витамин етишмовчилигининг субъектив сабаби саналади. Авитаминоз асосан баҳор ойларига келиб юз беради. У «баҳор авитаминози» дейилади.
Бундай авитаминоз вужуддаги барча аъзо ва тизимлар биоритмларининг бир-бирига мутаносиб ишлашида нуқсонлар пайдо бўлишидан сўнг юзага келади. Кўклам чоғларида суткали ёруғлик даврининг узайиши, қуёш фаоллиги ҳамда ернинг магнит майдони кучайиши авитаминоз келиб чиқишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Чунки шундай омилллар таъсирида инсон асаб тизимининг қўзғалувчанлиги ошади. Эндокрин безларидан гормон ишлаб чиқарилиши кучаяди ҳамда ошқозон-ичак ширалари кўп ажралади. Бундай физиологик ва биокимёвий ўзгаришлардан кейин организм ҳар хил ноқулай ташқи муҳит омилларига чидамсиз бўлиб қолади. Агар витаминлар ҳақида тегишли маълумотларга эга бўлишни ва таомлар истеъмол қилишда керак бўладиган қоидалардан боҳабар бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга бу борада жуда кенг маълумот ҳадя этади.