Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна соғ-омонликда учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, марҳамат эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, биз Раббимиз Исо Масиҳга ишонган эканмиз, Раббимиз бизга ҳамма нарсани қолдириб, Унинг ортидан эргашиш учун ажойиб имконият берди.
Лекин шунга қарамай, кўпчилик Унинг ортидан эргашишни истамайди. Азиз дўстим, сенчи? Сен Унинг ортидан эргашишни истармидинг? Балки кимдир “ҳа” деган жавобни берар. Лекин Раббимиз айтганки, барча нарсаларимизни қолдиришимиз керак.
Азиз дўстим, сени дунёвий нимадир ушлаб қолиши мумкинми? Шу нарса сенга Раббимизга эргашишинг учун халақит қиляптими? Шундай бўлса, қандай қилиб биз яхши аскар бўла олишимиз мумкин? Азизлар, агар дунёда бизнинг руҳий ҳаётимиз учун халақит қилаётган нарсалар бор бўлса, булардан тўлиқ воз кеча олиш орқали яхши ва Раббимизга муносиб аскар бўла олишимиз мумкин экан.
Масиҳий киши ҳар хил ортиқча бетафиқликларни четга суриб бош қумондонни рози қила оладиган даражадаги аскарга айланиши керак. 2 Тимўтийга мактубининг 2 боби 4 оятида шундай ёзилган жойи бор: “Харбий хизматдаги аскар, қумондонимни мамнун қилай, деб тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди”.
Бу дегани Раббимизни рози қила олишимиз керак. Азиз биродарлар, агар ҳаворий Павлуснинг ҳаётига назар ташласак, у хоҳлаган жойда ва хоҳлаган пайтида Раббимизни рози қилиш учун ҳатто ўлимга ҳам тайёр эди. Ҳаворий Павлус ўзининг ҳаётини тўлиқ Раббимизга бағишлаган эди.
Бундан биз ҳам ўрнак олсак арзийди. Ҳаворий Павлус Тимўтийга шундай деб айтган эди 2 Тимўтийга мактубининг 8 бобида: “Мен тарғиб қилаётган Хушхабарнинг моҳиятини эсда тут: Довуд зоти номидан бўлган Исо Масиҳ ўлиб тирилди”.
Азиз биродарлар, бу жойда Масиҳнинг тирилишига ишора қилишнинг ягона сабаби, Раббимиз ўлиб тирилиш орқали шайтоннинг энг кучли қуроли ўлимни енгди. Шу билан бирга Раббимизнинг ўлими, барча одамзотнинг гуноҳи учун берилган қурбонликдир.
Азизлар, ҳаворий Павлуснинг гаплари бизга ҳам тегишлидир. Унинг хочда чеккан азоб-уқубатлари, биз инсонларнинг гуноҳларимиз учундир. Худованд Ўз Ўғлини самога олишдан аввал Раббимиз Исо Масих ерда бўлди ва чидаб булмас даражада камситилди ва азобланди.
Мана шу нарса ҳар бир масиҳий инсонни Унга эргашиши учун куч бағишлайди. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.