MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бахтсизлик инсон ҳаётига турли кўринишларда келиши мумкин. У камбағаллик, қувғин, кутилмаган фалокат бўлиши мумкин. Шулардан бири – касалликдир. Аммо у энг бой одамнинг ҳаётига кириб келганида қанчалик мағрур ва ўзига ишонган бўлмасин, Худога юз буришдан ўзга чораси қолмайди. Айнан шу дамда танамиз оғриқни ҳис қилганида инсон қудрати қанчалик ожиз эканини англаб етамиз. Бундай ҳолатлар бизни Худога юз буришга ва ибодат қилишга ўргатади. Кўпчилик “Нега ҳаётимда бундай бахтсизлик юз берди?”, дея савол беради. Саволига Худодан жавоб қилиришга ҳаракат қилади. Баъзан саволларимизга жавоб топамиз, баъзан эса йўқ. Бундан узоқ йиллар муқаддам, бир биродаримизнинг бошига шундай мусибат тушди. Унинг 10 ёшли ўғли ўйнаб юрган жойида оқсоқланиб қолди. Докторлар суяк раки эҳтимоли бор дейишди. Аммо буни операция қилиб, суяк ичидаги тўқимадан анализ олмагунча билишмасди. Бу биродаримизнинг бошига тушган катта синов эди.

Narrator 2 Эр-хотин шундай эслайди: “Қалбимиз ғамга тўла, кунимиз қандай ўтаётганини ҳам билмасдик. Бир-биримиз билан деярли гаплашмасдик. Фақат иккимиз ҳам тинимсиз деярли ҳар нафасимизда Худога илтижо қилардик. Аёлим ҳонасига кириб соатлаб Калом ўқир ва йиғлаб ибодат қилганини эшитардим. Бу икки баробар азоб эди мен учун. Шу пайтда биродарларимизнинг ибодатлари, қўллаб-қувватлашлари бизга мадад бўлди. Орадан икки ой ўтди. Кутилган муддат, анализ натижасини олиш вақти келди. Иккимиз ҳам катта ҳавотир ва озгина умид билан шифохонага бордик. Худога шукур! У бизнинг ибодатларимизни эшитибди. У бизга раҳм қилибди!” Бундай воқеалар жуда ҳам кўп учрайди. Худо кўп ҳолатларда ижобий жавоб беради. Аммо афсуски, яқинларидан ажралганлар ҳам талайгина. Буларга биргина жавоб бериш мумкин: “Худо ҳеч бир нарсани сабабсиз қилмайди. Ҳаётимизда нима содир бўлмасин, ҳар бирининг ортидан у бизга ниманидир ўргатади.”

Narrator 1 Инсон касал бўлганида ибодатнинг ўрни катта. Шундай пайтлар бўладики, жисмоний оғриқлар, руҳий ва ҳиссий муаммолар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Инсон касал бўлганида қилинган ибодат орқали биз унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини билиб оламиз. Агар касаллигида ёрдам беролмасак ҳам, унинг руҳий ва ҳиссий муаммоларини енгиллатишга муваффақ бўламиз. Шундай пайтда уларга берадиган энг катта ёрдамимиз, улар учун бирга ибодат қилишдир. Ибодат орқали бемор ёки унинг яқинлари ўзлари учун янги дунёни очадилар. Аслида ҳаёт мазмуни нимада эканини тушуниб оладилар. Яқинидан айрилиб қолган инсонларнинг кўпчилиги аламда бўлади. Худодан, ўзидан ва атрофдагилардан ғазабланади. Бироқ бу ечим эмас. Бу тўғри қадам эмас. Бундай инсонлар яқинларининг ва биродарларнинг маслаҳатига ва тўғри кўрсатмасига муҳтож. Шундай вақтлар бўладики биз ҳеч нарса қилолмаймиз.

Narrator2 Инсон ҳаракати бекор. Унинг қайғуришлари, ҳиссий қўзғалонлари, ғазаби ва қичқириқлари ҳам бекор. Бундай ҳолатда ҳаммасини Худонинг қўлига топшириш керак. Унинг ўзи қолгани ҳақида қайғуради ва ғамхўрлик қилади. Худо биз кутганимиздан ва ўйлаганимиздан бошқача ўйлайди. Унинг фикрлари бизникидан улуғроқ ва мукаммал. Ишаё китобида Худованд шундай дейди: “Эгамиз шундай демоқда: “Сизларнинг фикрингиз Меники эмас, Менинг йўлларим сизларники эмас. Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, Сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан Шунчалик баланддир.” Худонинг шифоси ҳам биз кутмаган кўринишда келиши мумкин. Шундай экан, Унинг иродаси бизнинг яхшилигимиз учун эканига шубҳа қилманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top