Ассалому алайкум доно ва зукко опа сингиллар. Иш билан жуда кўп жойларга боришингизга тўғри келади. Бироқ у ердаги баъзи ходимларнинг мижозларга қўполлиги жиғингизга тегса, сизни бир қарашда ва сўзлари билан йўналтириши кишини ҳайратга солади. Баъзан ўзим ҳам одамларга таъсир қилиш ҳислатим йўқлигидан афсусланаман. Руҳшуносларнинг фикрича, кишиларга таъсир қилиш мумкин. Бунинг учун атиги бешта қоидага амал қилинса бас. Шунда эрингиз ҳам, «қулоқсиз» фарзандингиз ва ҳатто ҳамкасбларингиз ҳам гапларингизни эшитади. Инсоннинг ўзига ҳос хусусиятлари ёки уринишлари учун уни мақташни унутманг. Ҳатто у бирор бир ишни айнан сизнинг кўнглингиздагидек бажармаган бўлса ҳам.
Шунда у сизга янада кўпроқ ёқиш учун ҳаракат қила бошлайди. Масалан, фарзандингиз билан дарс қилишга ваъда бердингиз, аммо вақтингиз тиғизлиги сабаб улгура олмаяпсиз, дейлик. Шунда секин турмуш ўртоғингиз олдига бориб: «Дадажониси, ўғлингиз билан бирга дарс қилинг, ўзингиз ҳамма нарсани мендан кўра яхшироқ биласиз-ку!» дейишингиз мумкин. Кейин «Ким менга ёрда бера олади?» деб эмас, «Менинг кимга нафим тегади?» деган фикрда юринг. Чунки бизга ёрдам берган киши қаршисида ўзимизни қарздор сезамиз. Эрингиз эртанги ишларингизга ёрдам беришини истасангиз, бугун унинг энг яхши кўрган таомини пиширинг. Кейин эса ёрдам сўрашдан тортинмасангиз ҳам бўлади.
Айнан мана шу услуб ишхонада ҳамкасблар орасида ҳам яхши муносабатлар қуриш учун хизмат қила олади. Улардан ёрдам сўрашни ҳам ўрганинг. Мулойим бўлиш аёл кишига жозиба бағишлашдан ташқари, таъсир ўтказишга ҳам ёрдам беради. Аксарият ҳолларда бу иш беради. Бу борада дунё олимлари тадқиқот ўтказишган: улар аввалига сўровнома ўтказишдан мақсад нималиги ва манзилини ёзиб анкета тарқатишган. Анкеталарнинг атиги тўртдан бир қисми тўлдирилган ҳолда қайтиб келган. Кейин эса худди шу анкетага уни тўлдириш илтимос қилинган откритка ёпиштириб тарқатишган. Бу гал эса анкеталарнинг ярмидан кўпи тўлдирилган ҳолда қайтиб келган. Шундай экан, қаршингиздаги инсон билан доим мулойим муомалада бўлинг, қўполлик қилманг.
Қўполлик билан ҳар қандай ишни ҳам бузиб қўйиш, ширин сўз орқали эса ҳар қандай вазиятни ўнглаш мумкин. Ҳамма эшитади, аммо суҳбатдошини тинглай оладиганлар саноқли. Баъзиларга бу табиатан берилган бўлса, баъзилар эса бу санъатни ўрганишларига тўғри келади. Суҳбатдошингизни тинглашни, унинг сўзларини қизиқиш билан эшитишни ўрганинг. Агар бирор нарсани эшитмай ёки тушунмай қолсангиз, қайта сўраб билишдан тортинманг. Суҳбатдошингиз завқ билан жавоб бериши мумкин бўлган саволларни ўртага ташлашни ҳам унутманг. Бу қаршингиздаги кишида сизга нисбатан майл уйғотади. Инсон табиати шундайки, у ўзига хуш ёққан кишиларнинг фикрига қўшилади. Бугунги маслаҳатларимизга амал қилинг. Бироқ инсонлар билан мулоқотда ўзингизга нисбатан ишончингиз баланд бўлсин ва табассум қилишни ҳам унутманг.