Narrator1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бир чет эллик биродар ўз ёшлиги ва Худонинг марҳамати ҳақида ажойиб гувоҳлик берди. У жамоатларга қатнамайдиган, аммо бошқалар олдида ўзларини яхши ва маданиятли одамлар сифатида тутишга жуда эътибор қаратадиган оилада ўсган. У ёшлигида, Мавлуд байрамини нишонлаган. Шу куни уларга Исо Масиҳнинг туғилиши ва ҳаётидаги баъзи мўъжизалари ҳақида гапириб, ўқиб беришарди. Аммо улғайгани сари, бу анъана Санта Клаус ва унинг совғалари сиймоси ортида қолиб кетди. У улғайди аммо қалбидаги бўшлиқ ўрнини ҳеч нима билан тўлдира олмади. Унинг айтишича, уни тез-тез жамоатга бориш истаги қийнаган. Аммо қўли калталиги ва у ерга боришга тузукроқ кийими йўқлиги учун, бу фикрни ортга суриб келарди. Турмушга чиқди, аммо турмуши ўхшамади. У ёлғиз она бўлиб қолди. У арзимас маош хисобига тирикчилик қиларди.
Narrator 2 Унинг бор йўқ либоси бир жуфт кўчада киядиган шиппаги-ю одмигина кўйлаги эди.” Калом бу ҳақида шундай дейди: ““Шунинг учун сизларга айтаман: “Тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?! Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку! Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биридай кийинмаган.” Охири у жамоатга боришга қарор қилди, бироқ ўзининг ва болаларининг тузукроқ кийимлари йўқлиги уни ҳижолатга қўярди.
Narrator1 У жамоатга кириши билан, унинг Худо ҳақидаги фикрлари бутунлай ўзгарди. Еремия пайғамбар китобида ёзилган бир оят унинг қалбини таъсирлантирди. “Эгамиз шундай демоқда: “Мен ҳамма ёқдаман — яқинда ҳам, узоқда ҳам ўша Худоман.” “Ким Мендан яширина олади?! Еру кўкни тўлдириб турган Мен эмасми?!” деб айтмоқда Эгамиз.” У жамоатда Худо Каломидан тинглади, ибодат қилди, йиғлади. У шундай деди: “Сен, эй Раббий, яхши, кечиримлисан, Сенга илтижо қилганларга Содиқ севгингни кўрсатасан. Ибодатимга қулоқ сол, эй Эгам, Шафқат сўраб қилган илтижоимга диққат қил. Оғир кунда Сенга илтижо қиламан, Илтижоларимга Сен жавоб берасан.” Вақт жамоатда жуда тез ўтди. У ерда руҳан дам олгандек ҳис қилди ўзини. У ўзини анча тетиклашгандек ва қувват олгандек сезди. У жамоатда айтишганидек, “Ҳамма ташвишлари”ни Худога ташлашни истади.
Narrator2 Уйга қайтаётганида тез-тез жамоатга келиб туришга ва ҳар куни калом ўқишга қарор қилди. Унинг диққати фақат Худода эди. Шунинг учун энди ташвишда ичида қийналмасди, тинчликда яшарди ҳамда аста-секин имони кўтарилиб борарди. Шу тариқа унинг ҳаёти яхшиланиб борарди. Масиҳнинг айтган каломи худди унинг учун айтилгандек эди: “Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизларга ором бераман. Менинг бўйинтуруғимни тақиб олинглар, Мендан ўрганинглар. Чунки Мен юмшоқ кўнгил ва камтаринман. Шунда сизларнинг жонларингиз ором топади. Ахир, Менинг бўйинтуруғим қулай, юким
енгилдир.” У ҳаётини, ташвишларини Худога топшириш билан, нафақат, ички ҳотиржамлик, ором балки барака ва марҳамат ҳам топди.