Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна ғойибона бўлса-да учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, сиз Худо оиласида туғилганингизда сизга оилага боғлиқ бўлган ажойиб туғилиш совғалари берилган:
оила номи, оила ўхшашлиги, оила имтиёзлари, оилага яқинлашиш ва оила мероси. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Ўғил бўлганинг учун, Худо Исо Масиҳ шарофати билан сени ворис деб ҳам қабул қилган.” Галатияликларга мактубининг 4 боби 7 ояти.
Янги Аҳд бизга бой меросимизга катта урғу беради. У шундай дейди: “Эгамизнинг Ўзи сизларнинг ҳар қандай эҳтиёжингизни Исо Масиҳ орқали, Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради.” Филиппиликларга мактубининг 4 боби 7 ояти.
Худо фарзандлари сифатида бизга оила бахти берилган. Ерда бизга “марҳаматлар, иноят, меҳрибонлик, сабр-тоқат, улуғворлик, донолик, куч-қудрат ва раҳм-шафқат” берилган. Лекин абадиятда биз булардан буюк нарсаларга ворислик қиламиз.
Ҳаворий Павлус шундай деган: “Унинг Ўзи сизларнинг кўнгил кўзларингизни ёруғ қилсин, токи У сизларни нақадар улуғ бир умидга чорлаганини билиб олинглар, Ўз азизларини қанчалик бой ва улуғвор бир меросга сазовор қилганини қадрланглар.” Эфесликларга мактубининг1 боби 18 ояти.
Ушбу мерос нималарни ўз ичига олади? Биринчидан, биз Худо билан абадий бирга бўламиз. Иккинчидан, биз бутунлай Исо Масиҳга ўхшаймиз. Учинчидан, биз бутун оғриқ, ўлим ва қийноқлардан халос бўламиз. Тўртинчидан, биз хизмат қилиш учун янги ва бошқадан тайинланган лавозимларга эга бўламиз.
Бешинчидан, биз Исонинг улуғворлигида бўлишамиз. Азизлар, қандай ажойиб мерос! Аслида биз тасаввур қилганимиздан кўра анча бойроқмиз. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Самода сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир мерос сизларни кутмоқда.” Биринчи Бутрус китобининг 1 боби 4 ояти.
Бунинг маъноси, сизнинг абадий меросингиз қимматбаҳо, соф, абадий ва ҳимоялангандир. Ҳеч ким буни сиздан тортиб ололмайди; бу уруш, иқтисодий тақчиллик ёки табиий офат туфайли бузилиб кетмайди.
Нафақага чиқиш учун эмас, ушбу абадий мерос учун сиз яшашингиз ва ишлашингиз керак. Ҳаворий Павлус шундай дейди: “Қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар.
Худодан абадий мукофот олишингизни ўйлаб, Эгангиз Масиҳга хизмат қилинглар.” Колосаликларга мактубининг 3 боби 23 ва 24 оятлари. Азиз биродарлар, биз абадият нурида яшашга ҳақлимиз. Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумиз ўз поёнига етди.
Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.